Йўқолган гувоҳнома эгасига қайтарилди

Яқинда ижтимоий тармоқларда каттақўрғонлик 2014 йилда туғилган Муслима Ҳосиловага тегишли туғилганлик  гувоҳномаси топиб олинганлиги тўғрисидаги эълонлар тарқалган эди.

Бошқармамизда ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида тезкор чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, “Ягона ФҲДЁ электрон архиви” тизими орқали кўрилганда ушбу гувоҳнома мазкур туманнинг Боғот маҳалласида яшовчи Дилрабо Ҳосилованинг фарзандига тегишли экани маълум бўлди. Туман ФҲДЁ бўлими томонидан жойига чиққан ҳолда гувоҳнома ўз эгасига топширилди.

- Эътиборсизлик туфайли гувоҳномани йўқотиб қўйган эдим, - дейди Д.Ҳосилова. - Қизим 1-гуруҳ ногирони. Тошкентга даволаниш учун олиб кетаётган вақтим шу кўнгилсизлик содир бўлди. Туман ФҲДЁ бўлими ходимлари қўнғироқ қилиб, гувоҳномани топилгани ҳақида айтишиб, уйимга олиб келиб беришди. Уни излаб, сарсон бўлаётгандим.

Маълумот ўрнида қайд қилиш жоизки, ФХДЁ архив маълумотномалари ва ахборотини олиш имкониятини берувчи ягона электрон архиви тизими идоралараро интеграциялашув, электрон ҳамкорликни кенгайтириш орқали бюрократик тўсиқлар, коррупция ҳолатларини юзага келишининг олдини олади.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.