Ёш авлод қувончи
1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилоят бошқармаси ходимларининг фарзандлари учун байрам тадбири ўтказилди.


Тадбирда асосий эътибор ёшларда ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш, уларни соғлом ва билимли, маънавий баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга қаратилди.
Шу мақсадда тадбир доирасида китоблар ва қўл меҳнати асосида яратилган турли ўйинчоқлар, безаклар кўргазмаси, асфальтга расм чизиш, шахмат, шашка, стол тенниси, бадминтон каби спорт турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.


Шунингдек, тадбирда қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиш этилди. Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан турли ўйинлар, викториналар ўтказилди.
Тадбирда ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи А.Аҳмедов болажонларни байрам билан қутлади, ёш авлодни ҳар томонлама соғлом тарбиялашда китобхонлик, спортнинг ўрни беқиёслигини алоҳида таъкидлади. Бугунги тадбирдан кўзланган асосий мақсад ҳам болажонларни илмли, соғлом ва баркамол вояга етказиб, уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга қаратилганлигини қайд этди.



Шундан сўнг, ходимлар оилалари ўртасида "Отам, онам ва мен спортчи оила" шиори остида мусобақа уюштирилди. Унда ДХХда фаолият олиб бораётган 5 нафар ходимлар оилалари белгиланган шартлар асосида ўзаро беллашди.


Тадбир давомида болажонлар учун вилоят халқ таълими ва маданият бошқармалари томонидан тайёрланган байрам дастурлари намойиш этилди. Спорт мактаблари тарбияланувчиларининг кўргазмали чиқишлари болажонларда катта қизиқиш уйғотди.


Тадбир якунида мусобақа иштирокчилари эсдалик совғалари билан тақлирланди. Шунингдек, байрамда қатнашган барча болажонларга бошқарма томонидан ташкил этилган байрам совғалари улашилди.