Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ёш китобхон” танлови жараёнлари ижтимоий тармоқларда мунтазам равишда ёритиб борилди

Кеча, 12 апрель куни Zarnews.uz сайтида “Ёш китобхон” танловидан кўнглим қолди” сарлавҳали остида мақола эълон қилинди. Ушбу мақола юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Аввало, таъкидлаш лозимки, мазкур танловнинг нуфузи ва қамрови йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шунинг учун “Ёш китобхон” танловида республика бўйича 2017-2020 йиллар давомида 2 миллион. 470 минг нафардан ортиқ ёшлар қамраб олинди. Самарқанд вилоятида эса 10-14 ёшлилар ўртасида 2531 нафарни, 15-19 ёш доирасида 2629 нафарни, 20-30 ёш тоифасида 1098 нафарни ташкил қилди.

Танловнинг ўтган йилги босқичларидан фарқли жиҳатлари бор, биринчидан, аризалар онлайн тарзда қабул қилинди, иккинчидан, иштирокчилар бадиий асарлар билангина чекланиб қолмасдан, илмий-оммабоп китобларни (масалан, қизиқарли математика, қизиқарли кимё, қизиқарли география, қизиқарли физика, «Тиб қонунлари») ҳам ўзлаштирди, учинчидан, ёшларни мустақил ва кенг фикр юритишга ундайдиган шартлар («Тезкор савол-жавоб», «Эркин мавзу» шартлари) қўшилди.

Танловнинг вилоят босқичи жорий йилнинг 19-20 март кунлари Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида бўлиб ўтди ва ҳар бир ёш тоифаси (10-14, 15-19, 20-30 ёш) бўйича танловнинг туман (шаҳар) босқичларида ғолибликни қўлга киритган 1 нафардан жами 48 нафар китобхон ёшлар 3 та шарт (“Буюк мутафаккир ва адиб”, “Бадиий асарлар билимдони”, “Эркин мавзу” шартлари) бўйича синовдан ўтказилди.

Танлов жараёнлари Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармасининг (Telegram, Facebook, Instegram, You Tube) ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида мунтазам равишда ёритиб борилди.

Юқоридаги мақолада иштирокчи (Муниса Шамсиева) танловнинг туман босқичи бир кунда ўтказилмаганлиги, танлов бўлиб ўтган тумандаги қатнашчилар кейинги тумандагиларга саволларни бўлишиш имконига эга бўлганлигини ёзган. “Ёш китобхон” танлови Низомида белгиланган туман (шаҳар) ғолибларининг вилоят босқичида иштирок этадиган жараёнлари, танловнинг тартиби республика ишчи гуруҳи томонидан белгиланган.

Ҳар бир шартнинг вақти, баҳолаш тартиби ва танлов шартлари республика ишчи гуруҳидан маъқулланган ҳамда тўлиқ амалиётда синаб кўрилган.

Танловнинг туман (шаҳар) босқичларини ўтказиш жараёнида ҳеч бир масъул томонидан таниш-билишчилик, саволларнинг олдиндан берилганлиги юзасидан ноқонуний ишлар амалга оширилмаган. Чунки республикадан юборилган саволлар махсус конвертларда муҳрланган ва булар танлов бошланишидан олдин холислар (иштирокчилар) олдида очилган. Бу жараёнлар ишчи гуруҳлар томонидан расм ҳамда видеотасвирга олинган.

Шунингдек, ҳар бир шарт якунида ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчилардан шарт бўйича таклиф-мулоҳазалар ва эътирозлар сўралган. Икки кун давом этган жараёнлар давомида танловнинг вилоят босқичида иштирок этган ёшлардан бирорта мулоҳазали ва эътирозли маълумотлар билдирилмаган ва жараёнларнинг барчаси видеотасвирга олинган.

Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ахборот хизмати.