Ёш йигитлар "Жасорат мактаби"да тобланади
Вилоятда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этган, тарбияси оғир, профилактик ҳисобда турувчи ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида 100 нафар ёш учун "Жасорат мактаби" ҳарбий-ватанпарварлик ўқув йиғинининг навбатдаги мавсуми бошланди.
Вилоят ҳокимлиги, Марказий ҳарбий округ, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамкорлигида ташкил этилган йиғин иштирокчилари Қуролли Кучлар Кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида тантанали кутиб олинди. Шифокорлар кўригидан ўтказилиб, уларга ҳарбий либослар тарқатилди.
- Иштирокчилар ўн кун давомида ҳарбийча ҳаёт кечиради, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Сарвар Бобоев. - Улар учун турли тренинглар ва психологик машғулотлар ўтказилади, IT, касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмалари ўргатилиб, лойиҳа ҳамда бизнес-режалари қўллаб-қувватланади.
Шунингдек, ҳарбий-ўқув йиғин давомида спорт мусобақалари, “Раҳбар ва ёшлар”, “Қўмондон ва ёшлар” учрашувлари ўтказилади. Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор жойлар ҳамда тарихий обидаларга саёҳатлар уюштирилади.