Ёшлар ДХХ раҳбарига таклифларини билдирди, муаммоларини айтди
Ургут туманининг олис ҳудудида жойлашган «Дўстлик» оромгоҳида ДХХ Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи А.Ахмедов ургутлик ёшлар билан учрашди.
Унда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ҳ.Тўхтаев, Ургут тумани сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилот вакиллари ҳамда мурожаатлари билан келган бир гуруҳ ёшлар иштирок этди.
Дастлаб, А.Ахмедов ва туман мутасаддилари ургутлик ёш тадбиркор ва ҳунармандлар тайёрлаган ва ясаган маҳсулотлари билан танишди. Сўнгра очиқ мулоқот бошланди. Учрашувда ёшларнинг муаммолари тингланди ва аксарияти жойида ҳал қилинди.
Хусусан, Узунсой маҳалласининг фаол ёшларидан бири, ёш спорт мураббийи Дилмурод Примовнинг эркин кураш бўйича ёшларнинг машғулот олиб бориши учун спорт гиламлари олишда ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати жойида ҳал этилди.
Учрашув давомида "Омонқўтон" маҳалла фуқаролар йиғини ёшларидан бири Мансур Султонов тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида эканини айтиб, миллий анъана ва қадриятларимизни ўзида акс эттирувчи туристик марказни очишда имтиёзли кредит асосида субсидия ажратишда амалий ёрдам сўради. Бу мурожаат ўрганилиб, тезда ҳал этилиши айтилди.
"Қоратепа" МФЙда истиқомат қилаётган ёшлардан бири Шаҳризода Мирзаева давлат хавфсизлик хизмати соҳасига қизиқиши юқори эканлигини айтиб, бу борада ўқиш ва ишлаш учун керакли кўрсатма ва ёрдам беришларини сўраб, мурожаат қилди. Ш.Мирзаеванинг бу ҳаракати раҳбар томонидан қўллаб-қувватланди ва тегишли тавсияларни бериш учун мутасаддиларга топшириқ берилди.
Шунингдек, учрашувда айни пайтда хорижда бўлиб турган бир гуруҳ ургутлик ёшларнинг масалалари ҳам эшитилди. Жумладан, Россиянинг нуфузли университетларидан бирида таҳсил олаётган М.Ҳакимов ўқишини Ўзбекистонга кўчиришда ёрдам сўради. Бу масалада мутасаддилар унга йўл-йўриқ кўрсатиши белгиланди.
Учрашув сўнгида таклиф билдириш ва мурожаат йўллашда фаол бўлган бир қатор ёшларга раҳбарлар томонидан китоблар жамланмаси топширилди.