Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ёшлар етакчиси лавозимини жорий этиш қандай наф беряпти?

Фаолиятини бошлаганига кўп бўлмаса-да ёшлар муаммоларининг ечим топишида ёшлар етакчиларининг ўрни сезила бошлади. Улар энг қуйи бўғин - маҳаллада тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш, спортни оммалаштириш, китобхонликни тарғиб қилиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш йўналишларидаги ишларни тизимли амалга оширишга кўмаклашяпти.

Каттақўрғон туманининг 69 та маҳалласида ёшлар етакчилари айни шу йўналишда самарали иш олиб боряпти.

- Бугунги кунда Мундиён, Нисбат, Қиёт, Бургансой, Зарқўрғон ва Саройқўрғон маҳаллаларидаги ёшлар етакчилари интилувчанлиги, муаммога тўғри ёндашиши билан бошқа етакчиларга намуна бўляпти. - дейди туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Дилшод Исмоилов. – Албатта, бу янги тизим. Айрим етакчилар ҳали ўз ишини тўлалигича тушуниб етгани йўқ. Шу сабабдан уларнинг ҳамкорлигини йўлга қўйиб, самарали ишлаётган етакчиларнинг фаолиятини оммалаштиряпмиз. Танлаб олинган етакчиларнинг 70 фоиздан ортиғи олий маълумотли.

Рустам Эргашев тумандаги фаолияти оммалаштирилаётган ёшлар етакчиси. У “Нисбат” маҳалла фуқаролар йиғинида иш бошлаганига кўп бўлмаса-да, маҳалла ёшларининг чинакам етакчисига айланган.

- Ҳафтанинг ҳар бир кунига алоҳида тадбирлар белгиланган, - дейди Р.Эргашев. – Масалан, бугун чоршанба – тадбиркорлик куни. Кун давомида маҳаллада тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқаролар ҳамда ижтимоий дафтарга киритилган ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича мурожаатларни ўрганаман.

– Россияда ишлаб келганимдан сўнг иш масаласида ёшлар етакчисига мурожаат қилдим, - дейди маҳаллада яшовчи ёшлардан бири Ҳабибулло Раҳматов. - Менга қишлоқ хўжалиги учун ажратилган майдондан 20 сотих ер берилди. Ярмига мош, қолган ярмига нўхат экдим. Ҳосилни йиғиб олгандан сўнг, такрорий экинга сабзи экишни режалаштиряпман.

Маҳалланинг ёшлар етакчиси куннинг иккинчи ярмида маҳалла спорт мажмуалари, мактаб, касб-ҳунар муассасаларидаги спорт залларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида мусобақа ва кўрик-танловлар ташкил этади.

- Спорт йўналишида таҳсил олганим боис маҳалла ва мактаб ўқувчиларини спорт турларига қизиқтириш мақсадида стол тенниси, волейбол, футбол мусобақаларини тез-тез ташкил қиляпман, - дейди Рустам. – Қилаётган ишларимиз самараси ўлароқ, спорт мусобақаларида юқори натижаларга эришяпмиз.

Маҳалла ёшлари бўш вақтида мактаб спорт залида стол тенниси, волейбол ўйнайди. Волейболчи қизлар жамоаси туман ҳамда вилоят миқёсидаги мусобақаларда номдор жамоалардан.

- 6-синфлигимдан волейбол тўгарагига қатнашаман, - дейди 11-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Гулмира Носирова. - Шу пайтгача жамоамиз билан яхши натижаларга эришдик. Маҳалламизга ёшлар етакчиси келгач спортнинг бошқа турлари ҳам ривожланяпти. Спорт анжомлари янгиланди. Волейбол мусобақасида туманда биринчи ўринни эгаллаб, вилоят босқичида муносиб қатнашдик. 

Ёшлар етакчиси лавозимини жорий этишдан мақсад маҳаллада ёшлар билан самарали ишлаш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашишдан иборат. Айтиш мумкинки, бу, Нисбат маҳалласи ёшлари ҳаётида ўз тасдиғини топяпти.

Сулаймон Мардиев, Тўлқин Сиддиқов.