Ёшлар ишлари агентлигининг маҳалладаги вакили ким бўлади?
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳалла фуқаролар йиғинларида Ёшлар ишлари агентлигининг вакили лавозими жорий этилмоқда.
Ушбу вазифага номзодларни саралаш учун Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда очиқ мустақил танлов эълон қилди. Талабгорлар жорий йилнинг 12-16 ноябрь кунлари танловда иштирок этиш учун ўз ҳужжатларини тақдим этди.
Эндиликда жойларда номзодлар билан учрашув ва суҳбатлар, ўқув семинарлар ўтказилмоқда.
Шундай тадбир Самарқандда ҳам ташкил этилди. Ёшлар ишлари агентлиги ҳузуридаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти директори Актам Жалилов ва бошқа масъуллар Самарқанд шаҳри, Тойлоқ ва Самарқанд туманларидаги маҳаллалар учун тавсия этилган номзодлар билан учрашди.
Ҳар бир номзод билан суҳбат олиб борилиб, вакилнинг вазифа ва мажбуриятлари тушунтирилди. Савол-жавоб, ақлий ҳужум тарзидаги машғулотлар орқали номзодларнинг билим ва малакаси, ёшлар билан ишлаш кўникмаси синовдан ўтказилди. Уларга зарур тавсиялар берилди.