Ёшлар иттифоқи: бошланиши ёмон эмас


– Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ёшларга қандай имтиёзлар белгиланган? 
– Таълим муассасасини тамомлаганига уч йил бўлмаган, биринчи марта ишга қабул қилинган ёшларга даромад солиғи биринчи йил учун 50 фоиз, иккинчи ва учинчи йиллар учун эса 25 фоизга камайтирилади. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида 3 йил ва ундан кўп муддат давомида фаол ишлаб келаётган ходимларга уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитининг бошланғич тўлови Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.
Иттифоқнинг фаол аъзоси бўлган олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура босқичлари талабаларига ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган тақдирда таълим бўйича тўлов контракти миқдорининг 35 фоизи ҳам Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади. 
Иттифоқ тизимида кўп йиллик меҳнат стажига эга бўлган фидойи, етакчилик қобилиятини намоён этган ёшлар, шунингдек, бошланғич ташкилотларда етакчи, сардор сифатида фаолият кўрсатган фаол ёшлар олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилинади.


– Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан тадбиркор ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда? 
– Ёшларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш, ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш, уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 195 нафар ёшларга бизнес фаолиятини бошлашга кўмак берилди. Ёшларнинг тадбиркорлик соҳасидаги билимларини янада ошириш мақсадида 308 нафар ёшлар ўқитилди.
Имтиёз сифатида фойдаланилмаётган давлат объектларини, шунингдек, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналаридаги объектларни Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг аъзоси бўлган ёш тадбиркорларга тўловсиз ижарага бериш тартиби жорий этилган. 
– Вояга етмаганлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ёшлар иттифоқи вилоят кенгашининг роли қандай бўлмоқда?
– Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш борасида ҳафтанинг ҳар пайшанба куни ўтказилаётган профилактик тадбирлар натижасида вояга етмаганлар томонидан оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, безорилик жиноятлари содир этилиши камайишига эришилди.
Тунги вақтларда вояга етмаган шахсларни ота-онасидан бири ёки уларнинг ўрнини босувчи шахснинг кузатувисиз кўнгилочар жойларда бўлишининг олдини олиш мақсадида тегишли идоралар билан ҳамкорликда 322 маротаба тезкор тадбирлар ўтказилди. 


Вилоятда бугунги кунда жами 519 нафар вояга етмаганлар ички ишлар идоралари профилактик ҳисобига олинган. Уларнинг 138 нафарини қизлар, 149 нафарини умумтаълим мактабларининг ўқувчилари, 369 нафарини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари, 1 нафарини ўқимайдиган ёш ташкил этади. 
Ўтган йил 37 нафар вояга етмаганнинг хулқи ижобий томонга ўзгарганлиги муносабати билан профилактик ҳисобдан чиқариш бўйича ички ишлар идораларига тавсия берилди ва чиқарилган.
Вилоятда болаларни таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаётганлиги ёки лозим даражада бажармаган 335 нафар ота-оналар маъмурий жавобгарликка тортилди. Шу билан биргаликда, 375 нафар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.


Чет давлатларга чиқиб кетган вояга етмаганларнинг 139 нафари мамлакатимизга қайтарилди. 
– Ўуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш мақсадида жойларда "Хавфсиз ҳудуд посбонлари" тузилмаси ташкил этилиб, асосан, ёшлар жалб қилинмоқда.
– Тўғри. Яқинда Самарқанд шаҳри маҳаллаларида илк бор ташкил этилган шундай янги тузилмага 3 минг 105 нафар ёшлар жалб қилинди. Уларнинг 1500 га яқини ҳарбий хизматни ўтаб қайтган талабалардан иборат. Улар ҳар бир маҳаллага 15 нафардан тақсимланиб, маҳалла раиси, профилактика инспектори, посбонга бириктирилди. Хавфсиз ҳудуд посбонлари белгиланган режа асосида ўзларининг хизмат кунларида маҳалла ҳудудини кузатиб боришади. Шубҳали ҳолатларда профилактика инспектори, маҳалла посбони ва бошқа мутасаддиларга хабар беради. 
– Ушбу тузилмада фаолият олиб бораётган ёшларга қандай имтиёзлар мавжуд?
– Жиноятчиликнинг олдини олишда фидойилик кўрсатган фаол ёшлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан таъсис этилган "Мард ўғлон" давлат мукофоти ва "Келажак бунёдкори" медалига тавсия этилади. Шунингдек, уларга келгусида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ишлаш учун тавсияномалар берилади.


– Уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтсангиз. 
– Уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида вилоят бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда 2 минг 770 нафар ёш иш билан таъминланди. Уларнинг 7 нафари Президентимизнинг 2017 йил 6 декабрдаги "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ афв этилган ёшлардир.
Ёшларнинг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет элга юборишни ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорлик бўйича вақтинчалик низом имзоланди. Бунинг натижасида ёшларда чет давлатларда қонуний ишлаш имконияти пайдо бўлди.
2017 йилда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгашига 1351 нафар ёшлар ишга жойлашишда ёрдам сўраб мурожаат қилган. Улардан 790 нафари ишга жойлаштирилди. 249 нафарига тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш тавсия этилди ва уларнинг 153 нафари ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлади.


– Вилоятимиздаги истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда? 
– Истеъдодли ёшлар асосан, турли танлов ва маданий дастурларга жалб этилиб, муносиб рағбатлантирилмоқда. Бу уларга ўз истеъдодларини намоён этиш имконини бермоқда. 
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошида "Республика ёш ижодкорлар кенгаши" ташкил қилинган. Мазкур кенгаш томонидан 6-8 октябрь кунлари ўтказилган I республика "Ёш ижодкорлар форуми"да вилоятимиздан 7 нафар ёшлар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишлаб "Конституция билимдони" кўрик-танлови ташкил этилди. Fолиб жамоа аъзоларидан иборат 45 нафар ёшларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси биносига саёҳати уюштирилди.
 Шунингдек, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантириш мақсадида ташкил этилган "Ёш китобхон" кўрик-танловига 17 минг 648 нафар истеъдодли ёшлар жалб этилди.

Fолиб АБДУСАЛОМОВ суҳбатлашди.