“Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ёшларга қандай ёрдам беряпти?
Ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликка ўқитиш, ёш тадбиркорларнинг истиқболли ғоя ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, шу асосда ёшлар бандлигини таъминлаш «Ёшлар - келажагимиз» жамғармасининг асосий вазифаси. Хўш, жамғарманинг вилоят филиали шуларни бажаряптими?
- Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси, тадбиркорлик бизнес олий мактаби вилоят филиали, «Герман спаркассенстифтунг» жамғармаси ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликлари билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, - дейди «Ёшлар - келажагимиз» жамғармаси вилоят филиали раҳбари Дилшод Набиев. - Жумладан, ҳамкор ташкилотлар кўмагида вилоятимизнинг 15 минг нафардан зиёд ташаббускор ёшларига тадбиркорлик, бизнес лойиҳалар, аграр соҳа, кредит ва солиқ сиёсати, хорижий тил ва замонавий касбларга ўқитиш йўналишларида тушунчалар берилиб, 3000 га яқин ёшларга оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшлар дастурлари орқали 4 миллиард сўмлик лойиҳалари молиялаштирилишига кўмак берилди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 декабрдаги «Ёшларни тадбиркорликка жалб этиш ва уларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, вилоятда ўтган йил ёш тадбиркорларнинг 104 та лойиҳаси ўрганиб чиқилди ва уларнинг 64 таси беш босқичда манзилли тасдиқланиб, махсус сертификатлар билан ҳудудий тижорат банкларига йўналтирилди.
Хусусан, 2022 йилда Миллий банк вилоят филиалининг туман ва шаҳар бўлимлари томонидан 21 миллиард 89 миллион сўмлик 33 та лойиҳага 15 миллиард 484 миллион сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилиб, 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Шу билан бирга, ёшларнинг инновацион, амалий ва истиқболли стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш борасида махсус ўқувлар ташкил этилиб, республика комиссияси тавсияси билан 4 нафар ёшнинг 200 миллион сўмлик лойиҳалари жамғарма маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди.
Жорий йил мактаб ўқувчиларини замонавий касбларга ва тадбиркорлик фаолиятига ўқитиш юзасидан жамғарманинг вилоят филиали томонидан Самарқанд шаҳри (65-81-71-мактаблар), Паст Дарғом (21-56-111-мактаблар) ва Ургут туманларидан (28-48-102-мактаблар) намуна асосида танлаб олинган мактабларга жамғарма томонидан кўмак кўрсатилди ва ҳудудга яқин тадбиркорлар рўйхати шакллантирилиб, мактабларга бириктирилди.
2023 йил давомида жамғарма филиали ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда лойиҳаларни молиялаштириш, мотивацион тадбирлар, форум ва ярмаркалар, бизнес саёҳатлар, кўргазмалар, консалтинг хизматлари, халқаро алоқалар, электрон бозор, бизнес марказлар йўналишларида учрашув ва ўқувлар ташкил қилиниб, ёшларнинг энг яхши лойиҳалари саралаб олинади ва фаолияти қўллаб-қувватланади.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.