Ёшлар ўртасидаги оилавий ажримлар нега ортмоқда?
– Эрингга гап қайтарма, қизим.
– Қайнонанг билан айтишма.
– Қайнотангнинг кўзига тик қарама, ранжитма уни.
Жудаям оқилона панду насиҳатлар, тўғри эмасми? Илло, бўй қизимизнинг ахлоқ-одоби яхши-ю, бироқ асаблари қай хилда, мустаҳкамми, заифми, бу хусусда ўйлаб кўрамизми? Йўқ. Асло!
– Нигорамизнинг асаби чатоқда, дадаси.
– Ай, қўй, асаби чатоқ эмас одам борми ҳозир.
Турмуш кўргач, асабиям, бошқасиям жойига тушиб кетади, ана, кўрасан.
– Ахир у "бетгачопар", дадаси, асаблари заиф, ўзини тутолмай қолади гоҳида. Сал жиғига тегдингизми, бас, лов этиб ёнади, оғзидан нима гап чиқаётганини ҳам билмай, шанғиллайверади! Биз-ку унинг бу одатига кўникиб қолганмиз, аммо қудалар…
– Босилиб кетади ҳали, кўрасан. Битта бизнинг қизимиз ана шунақанги тегманозикми, қўрқма, онаси.
Гап шу билан тугайди. Ўша "асаби чатоқ" бўй қиз эрга чиқиб, тўй бўлиб кетади-да, орадан олти ой ҳам ўтмасдан бошланади машмаша.
"Э, тили заҳар экан-ку буни", "бетгачопар, асабий", "шақшақи" экан-ку қизингиз, олиб кетинг, ўзингизга буюрсин, "развод" беради ўғлим". "На қайнонани билади, на қайнота, қайинсингилни, асаби касалга ўхшайди. Асаби!
Ҳа, "кўнгил олдиндан пайқайди, далолат беради", деганлари рост – онанинг тўй олдидан қилган хавотири ўринли экан, мана оқибат… Ажрим!
Агар ўшанда она эри билан баҳслашиб ўтирмасдан қизини невропотолог ёки руҳшунос қабулига олиб бориб даволатганида, олам гулистон эди.
Таълим даргоҳларида тиббий кўрик ўтказганимизда қарийб саксон фоиз бокира қизларда турли даражадаги асаб тизими бузилишлари аниқланди. Бу жуда салмоқли рақам, ахир.
Ҳали турмушга чиқмаган бўй қизларнинг эндокрин-асаблари тизимида биз истасак-истамасак, турли хил бузилишлар юзага келиши таббиий ҳол. Ўша чоғлари уларни шошилиб турмушга узатиб юбориш яхшиликка олиб келмайди. Тўй бўлиб ўтгач, шу ҳолатдаги қизларнинг қайнота-қайнона, қайинсингилларга жиззаки муомала қилишлари ҳам табиий ҳол. Ҳеч ким айбдор эмас бу ерда.
Зеро, тиббий жиҳатдан балоғат ёшидаги қизлардаги "асабий-эндокрин қўзғалишларнинг босилган даври" улар йигирма ёшга тўлганларидан сўнггина юз беради. Сабр қилайлик ахир! Сабр…
Муродим УМРЗОҚОВ, невропотолог-руҳшунос.