Ёшлар суд жараёнини кузатди
Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ҳамда уларда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кўникмаларини шакллантиришда судларнинг роли муҳим аҳамиятга эга. Бу мавзуда давра суҳбати, учрашувлар ўтказиш албатта ўз самарасини беради.
Ёшлар, айниқса, тарбияси оғир, профилактик ҳисобда турган ёшлар билан кўпроқ мулоқот қилиш, уларни тинглаш, кўнглига йўл топиш, қонунчиликка ошно қилиш, ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтириш, бунинг учун уларни суд процессларида иштирок этишини таъминлаш катта аҳамиятга эга. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида тарбияси оғир, профилактик ҳисобда турган ёшлар билан учрашув ташкил қилинди. Учрашувда улар билан самимий суҳбат қилиниб, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳақида батафсил тушунча берилди.
Шунингдек, улар жиноят ишлари бўйича шаҳар суди суд залига таклиф этилиб, жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан айбланган И. Мардиев, Ғ.Каримов ва С.Назаровга оид жиноят иши кўрилишида иштирок этишди.
Суд мажлисида қатнашган ёшлар жиноий қилмишнинг қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келишига гувоҳ бўлишди. Бу уларда катта таассурот қолдирди.
Бу тадбир шунчаки расмиятчилик ёки ҳисобот учун эмас, ҳақиқий самара учун ташкил қилинди. Иштирок этган ёшлар ўз хулосаларини ҳаяжон билан айтиб беришди.