2024 йил - “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”: Бу йил ёшлар учун имкониятлар кенгаяди

Давлатимиз раҳбари халқимизга йўллаган Янги йил байрами табригида 2024 йилни мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилганлиги бизга, яъни Ёшлар ишлари агентлиги вакилларига алоҳида масъулият юклайди. Йил бошидан ана шу масъулиятни ҳис қилиб ишга киришдик.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда Самарқанд вилояти аҳолисининг 2 миллион 315 минг нафарини 30 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ташкил этади. Уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, спорт, тил ўрганиши, китобхонлик ва IT соҳасига қизиқишини ошириш, бандлигини таъминлаш, умуман, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиляпти.

2023 йил “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг баҳорги ва кузги мавсумларида ўтказилган 4 та IT, 4 та интеллектуал, 3 та санъат ва 38 та спорт йўналишидаги танловларнинг республика босқичида вилоятимиз ёшлари 50 та медаль билан биринчи ўринни қўлга киритди. Мусобақаларда ғолиб бўлган ёшларнинг маҳаллаларида 16 та спорт майдончаси барпо этилди.

Шунингдек, ҳар бир маҳаллада “Ёшлар бандлиги дастури” амалга оширилиб, 54 минг 373 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Уларнинг 23 минг 242 нафари мактаб битирувчиларидир.

Келгусида янада улкан марраларни забт этишни мақсад қилганмиз. Янги йилда ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича олдимизга бир қатор вазифаларни белгилаб олганмиз. Жумладан, "Омбор дафтари" шакллантириладиган бўлди. Бу ҳар бир йўналиш бўйича, яъни оғир тоифадаги ёшлар бўладими, иқтидорли йигит-қизларни ёки хорижда меҳнат қилаётган ёшларми, уларнинг муаммоларини ечиш, қизиқишлари бўйича кўмак кўрсатишга хизмат қилади.

Самарқандлик ёшлар учун IT йўналишида ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Бунда ёшларнинг соҳа бўйича билимларини ошириш мақсадида яқинда Самарқанд шаҳрида ишга туширилган илк дастурлаш мактаби муҳим аҳамият касб этади.

Бу йил китобхонликни янада кенг тарғиб қилиш мақсадида йирик лойиҳаларни амалга оширган ҳолда 400 мингга яқин ёшларни қамраб олишни ҳамда замонавий касбларни ўргатиш лойиҳаси орқали 20 мингга яқин ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлашни мақсад қилганмиз.

Шунингдек, ёшларга хорижий тилларни ўргатиш мақсадида ҳам аниқ режалар тузилган. Жумладан, “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида чет тилларни ўрганувчи ёшлар сонини 200 мингга етказиш, "Ibrat Academy" иловаси орқали тил ўрганишдаги видеокўришлар сонини эса 1 миллионга ошириш кўзда тутилган.

Ҳусан ТЎХТАЕВ,
Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи.