Ёшларни ижтимоий тармоқлар тарбиялаяпти(ми?)

Ёшлар орасида мобил қурилмаларга муккасидан кетиш касаллиги илдиз отиб бўлди. Энди буни тартибга солиш мушкул, аммо имконсиз ҳам эмас.
Бир куни афтобусда кетаётиб, ён ўриндиқда қулоқчин тақиб қўлидаги мобил қурилмадан кўз узмай кетаётган йигитга кўзим тушди. Кейинги бекатда автобусга қўлида “пакет” кўтарган бир онахон чиқиб тик туриб қолди. Атрофдагилар “ҳой йигитча, жой бермайсанми?”, дейишса ҳам йигит “эшитмади”.
Бир амакининг туртиб қўйиши йигитни телефонидан кўзини узишга мажбур қилди:
- Катталарга жой берсанг бўларди, биродар. Ҳали ёшсан-ку, қара, ёнингда онанг тенги аёл тик турибди, уялмайсанми?
- Уф-ф-ф, - дея йигит истар-истамай ўрнидан турди.
Онахон бундай муомаладан кейин на ўтиришини, на тураверишини билмай хижолатомуз:
- Ўтираверинг ўғлим, сиздан жой сўраганим йўқ, – деди.
Ёшлар орасида бундай чиқинди иллатлар фақатгина афтобусда учрамаяптида. Овқатланиш шохобчаларида, дўконларда, бозорларда, таълим даргоҳларида қулоқчин тақиб юриш урфга айланди. Барча жамоат транспортларида катталарга, ногиронларга ўрин бўшатиб беришдан кўра, кўзни юмиб олишни мақул кўраётган тенгдошларимиз сони кўпаймоқда.
Хўш, нега бу аҳволга келдик? Бунинг сабаби, бизни оила, маҳалла, жамият эмас, ижтимоий тармоқлар тарбиялаётганида, деб ўйлайман.
Бизни ичимиздан кемираётган иллатлардан қутулиш бирдан-бир йўли - оилада соғлом муҳитни яратиш, аждодларимиздан қолган тартиб-интизомни фарзандларимизга уқтириш. Ижтимоий тармоқлар чексиз уммонга айланди. Қачонки, ёшлар онгида маданиятни, маърифатни, маънавиятни шакллантирсак, дунё маданиятининг тараққиётимизга ҳисса қўшадиган жиҳатларини олсаккина, ютуқ бизда бўлади.
Бокира МАҲМАЮСУПОВА,
СамДЧТИ талабаси.