ЙПХ ходимига 1 миллион сўм пора берган фуқаролар ушланди
2020 йил 24 январь куни соат 03:40 да Самарқанд вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бўлинмалари йўл-патруль хизмати батальони, тўртинчи отряди ходимлари томонидан Каттақўрғон тумани Самарқанд кўчасининг ички йўлида хизмат олиб бораётганда “Камаз-5320” русумли, 30 V 397 DA давлат рақам белгили (транспорт воситаси Ургут тумани Почвон МФЙда яшовчи, 1981 йилда туғилган фуқаро А.Ф. тегишли) юк ташувчи транспорт воситаси тўхтатилади.
ЙПХ ходимларининг ҳайдовчидан тегишли ҳужжатларини тақдим қилиши сўралганда ҳайдовчи ўзини Ургут тумани Почвон МФЙда яшовчи, 2000 йилда туғилган Ж.Р. деб таништиради. Лекин автомашина ҳужжатлари, яъни транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси, ишончномаси ва мажбурий суғурта полиси яшаш уйида қолиб кетганлигини маълум қилгач, ЙПХ инспекторлари томонидан унга нисбатан UZ№19-30-290616-рақамли маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдончасига жойлаштирилган.
2020 йил 24 январь куни соат 16:00 лар атрофида Каттақўрғон тумани Муллакичкина МФЙда жойлашган вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати батальони, тўртинчи йўл-патруль хизмати отряди маъмурий биносига, йўл-патруль хизмати маъмурий амалиёт катта инспектори вазифасини бажараётган катта сержант А.Нормуродовнинг олдига ҳайдовчи Ж.Р. келади. У жарима майдончасида сақланаётган “Камаз-5320” русумли юк автомашинасини чиқариб беришни сўраб, 600.000 сўм миқдоридаги пуллари борлигини, кейин яна 400.000 сўмни беришини билдириб, пора таклиф қилади.
Катта сержант А.Нормуродов унга бу ҳаракати ноқонунийлиги, пора олиш-бериш жиноят эканлигини тушунтиришига қарамасдан, Ж.Р. 25 январь куни келишини айтиб чиқиб кетади. Катта сержант А.Нормуродов ҳайдовчи Ж.Р. билан бўлган ўзаро суҳбатини “Iphone” русумли телефон аппаратига ёзиб олиб, DVD дискка кўчиради ва вилоят ИИБ бошлиғининг номига тезкор тадбир ўтказишни сўраб мурожаат қилади.
Текширув давомида фуқаро Ж.Р.га “Камаз-5320” русумли
юк ташувчи транспорт воситасини бошқариш учун ишончномаси мавжуд эмаслиги, унга 2018 йил 19 июль куни “В,С” тоифадаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи билан ААС2420746 рақамли ҳайдовчилик гувоҳномаси берилганлиги аниқланди.
2019 йил 25 январь куни катта сержант А.Нормуродовнинг билдиргисига асосан ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси ва ИИВ ЎХБ вилоят бўйича бўлими ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳайдовчи Ж.Р., автомашина эгаси А.Ф амакисининг ўғли, 1992 йилда туғилган, Ургут тумани Почвон маҳалласида яшовчи Х.Ш. ушбу автомашинани жарима майдончасидан чиқартириб беришга ёрдам беришини сўраб, соат 13:30 ларда катта сержант А.Нормуродовнинг хизмат хонасида, Х.Ш. томонидан 1.000.000 сўм пулларни пора сифатида берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Каттақўрғон тумани бўйича бўлими ходимлари томонидан ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилиб, ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати.