Юқори Чордарада газ ўғрилари ушланди
Мажбурий ижро бюроси ва давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармалари ходимлари Самарқанд туманидаги иссиқхоналарда табиий газдан фойдаланиш ҳолатлари бўйича текширув ўтказди.
Тадбир давомида Юқори Чордара маҳалласида яшовчи И.Б. ва унинг жиноий шериклари ўзларига тегишли иссиқхоналарини таъминотчи корхонадан тегишли рухсатнома олмасдан, Қуролли кучлар кичик мутахассисларини тайёрлаш маркази ҳудудидан Самарқанд шаҳри аҳолисига табиий газ етказиб берувчи 500 миллиметр диаметрли газ қувурига яширин равишда улаб олганлиги аниқланган.
Ноқонуний равишда табиий газдан фойдаланиб келган фуқаролар давлатга 360 миллион сўмлик иқтисодий зарар етказган. Шу боис Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлим томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Самарқанд вилоят прокуратураси ахборот хизмати.