Юраксиз 555 кун яшаган йигит

Америка Қўшма Штатларида жиддий юрак хасталиги билан оғриган одамларнинг мос донор органни кутиш даврида умрини узайтириш ва уларга омон қолишга ёрдам берадиган инновацион технология ишлаб чиқилди.

 Юрак трансплантацияни кутган Стэн Ларкин (Stan Larkin) 555 кун юраксиз яшади. Шу давр давомида у юраги ўрнини босадиган қурилмани ўзи билан бирга рюкзакда олиб юрди ва ҳатто бейсбол ўйнашга муваффақ бўлди.

Шифокорлар Стэн ва унинг акасига “оилавий кардиомиопатия” ташхисини қўйишди. Бу ирсий юрак касаллиги бўлиб, унда инсоннинг бу аъзоси ёшлик давридан аста-секин ишламай қўяди.

2014 йилнинг декабрь ойида Ларкиннинг юраги олиб ташланди, ўрнига қўйилган сунъий юрак “Syn Cardia Freedom Portable Driver” деб номланган қурилмага уланди. Оғирлиги 6 килограммдан сал кўпроқ бўлган тизим насослар ва сиқилган ҳаво ёрдамида артериялар орқали қонни помпалаб, ҳақиқий юрак вазифасини бажарди. Елка халтачада жойлаштирилган унинг асосий қисми бўлган трубасимон асбоб бемор танасига вақтинча жойлаштирилган сунъий юракка уланди.

25 ёшли Стэн Ларкин ушбу тиббий "мўъжизавий технология" муваффақиятининг ажойиб намуналаридан бирига айланди. У тахминан 17 ой, яъни 555 кун рюкзагида олиб юрадиган сунъий юрак вазифасини бажариб, зарур ҳаётни таъминлаган кўчма қурилма туфайли ўз юрагисиз яшашни давом эттириб, тирик қолди.

Стэннинг акаси Доминик ҳам юракни олиб ташлаш ва унинг ўрнига сунъий орган қўйиладиган худди шундай муолажадан ўтиши керак эди. Бироқ, Доминик омадлироқ чиқди ва донор унга жуда тез, бир неча ҳафта ичида топилди. Стэн эса деярли бир ярим йил давомида сунъий юрак билан яшашига тўғри келди. Чекловларга қарамай, кўплаб шифокорларни ҳайратда қолдириб, фаол ҳаракат қилган Стэн ҳатто баскетбол ўйнашни давом эттирди.

Натижада 2016 йилда донор топилди ва муваффақиятли ўтган операцияда Стен Ларкинга ҳақиқий тирик юрак трансплантация қилинди.

“Бир кун келиб менга юрагини берган донорнинг оиласи билан учрашиб, шахсан ўз миннатдорчилигимни билдиришни истардим. Умид қиламанки, улар бундай учрашувга рози бўлишади”, деган эди ўшанда Стэн.

Ушбу ҳикоя замонавий тиббий технологиялар беморларнинг ҳаётини қандай ўзгартириши ва уларга иккинчи ҳаёт имкониятини беришининг ёрқин намунаси бўлиб хизмат қилади.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.