Юрт юки ерда қолмайди

Президентимиз ташаббуси билан ташкил қилинган "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракатида Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳам фаол иштирок этмоқда. Улар "Саховат ва кўмак" жамғармаси вилоят бўлинмасига 150 та хонадонга кўмак сифатида бериш учун 300 литр ўсимлик ёғи туҳфа этди.

Шунингдек, тизимда фаолият олиб бораётган меҳр-эътиборга муҳтож, кам таъминланган оилалар, якка-ёлғиз кексалар ҳамда бошқарма тизимида узоқ йиллар мобайнида самарали меҳнат қилган ва бугунги кунда нафақада бўлган 22 нафар фахрийлар ҳолидан хабар олинди, уларга 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Таъкидлаш лозимки, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига асос солиниши мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот замирида, энг аввало, инсон омили, юртдошларимиз манфаати ётганининг яна бир бор амалий исботи бўлди. Бошқача айтганда, синовли кунларда мушкул аҳволда қолган оила ёки фуқароларни ўз муаммолари қуршовида ёлғиз ташлаб қўймасликка, юртимизнинг ҳар бир фуқароси қаерда бўлишидан қатъи назар, доимо давлатимиз ва жамиятимизнинг эътиборини ҳис қилиб туришини таъминлашга ундовчи, мамлакатимиз бунга қодирлигини кўрсатувчи, яхши кунларда ҳам, оғир кунларда ҳам бутун халқимиз бир бўлиб, мураккаб аҳволда қолган ватандошимизнинг ёнида туришга чақирувчи хайрли ташаббус бўлди.

Барчамизнинг ўрнимиз халқимизга қанчалик елкадош бўла олишимиз айнан мана шундай кунларда билинади. Бундай даврда Президентимизга камарбаста бўлиб, ушбу пандемия туфайли бошимизга тушган синовларни биргаликда енгиб ўтамиз.

Парвиз МАМЕДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчиси.