Юртга муносиблик масъулияти

Сиёсатшунос Қудратулла Рафиқовнинг «Аламим бор…» сарлавҳали мақоласини ўқиб

Очиғи, ҳали муаллифини кўрмасимданоқ, сарлавҳа ва мақоланинг илк жумлалари эътиборимни тортди. Бир нафасда ўқиб чиқдим, десам муболағали туюлиши мумкин. Сабаби, бу мақолани бир нафасда ўқиб бўлмайди. Бинобарин, ундаги фикрлар салмоғи ҳам бунга йўл қўймайди. Кўпчилигимизнинг ич-ичимизда сақланиб, кўнглимиздан кунда бўлмаса-да, кунора кечаётган туйғулар ва тарих қаъридан бошлаб, бугунимизга қадар занжирдай боғлаб турувчи кўприкнинг неча бор бузилиб, тикланиб келишига қарамай, авлоддан авлодга узатилаётган неъматларни сақлаб қолишдек муҳим мерос ҳақида гап кетади мақолада.

Умуман, муаллифнинг ҳар бир китоб ва мақоласидаги таҳлилларга, илмий хулосаларга ҳавас қиламан: жасорат ва донолик билан ёзади. Ишонч билан айта оламанки, Қ.Рафиқов бугунги кунда Ўзбекистонда сиёсатга бефарқ бўлмаган кўплаб зиёлилар кўнглидаги фикрни изҳор этган. Мақолада муаллиф кўнгилдаги аламини барча учун тушунарли қилиб ўртага ташлаган.

Дарҳақиқат, биз аждодлар билан ғурурланишни ўзлаштиргандек бўлдик. Аммо уларнинг табаррук номларини айтиб фахрланишнинг ўзи кифоя эмас экан. Яшириб нима қиламиз, хорижда бундай алломаларимиз ҳақида гапиришганда, айнан билмаганлигимиз учун жим турган ҳолатларимиз бўлган. Бунинг устига «фалон давлатга борганимда Имом ал-Бухорий юртиданмиз», деганимизда бизни тавоб қилишди, деб мақтаниб ҳам қўямиз. Ваҳоланки, зиёлиларимизнинг айримлари бу аллома ҳадисларини ҳали яхши ўқимаган. Агар эътибор қилган бўлсангиз камина муаллиф “алами”нинг бевосита ўзимизга, атрофдагиларга, хусусан, зиёлиларга тегишли киноясини айтяпман.

Яқинда самарқандлик таниқли олим Мамаюнус Пардаев «Биздан яна Берунийлар чиқадими?» деган мақола олиб келди. Домла донишманднинг барча фазилатларини санаб чиқибди: одоби, илмга иштиёқи, кўп тилни билиши, кўп фанларни ўзлаштириши, вақтнинг қадрига етиши, умрини беҳуда сарфламаслиги ва ҳоказо. Сўнг катталарга ҳам, ёшларга ҳам мурожаат қилган: «Хўш, Сиз улуғ алломамиздаги қайси бир хислатларни ўзлаштириш учун ҳаракат қилдингиз?». Мен бу мисолни бежиз келтирмадим…

Кейинги 6-7 йил ичида Ўзбекистон эшигини дунёга яхши ният ва самимият билан оча олди. Бугун юздан зиёд давлатлар билан мунтазам борди-келди ва ҳамкорлик йўлга қўйилган. Қўшма корхоналар сони йилдан йилга ортиб боряпти. Бир пайтлар оёғимизга тушов бўлган деҳқончилигимиз бугун фойда келтиряпти. Биргина, Самарқанднинг ўзида жорий йилнинг ярмида 50 миллион долларлик майиз экспорт қилинди. Кийим-кечак тикиб сотишда анча-мунча салоҳиятимиз ортди.

Куни кеча Америка қўшма штатлари президенти Доналд Трампнинг давлатимиз раҳбари фаолиятига берган баҳоси шахсан мен учун фахрга айланди. «Президент Мирзиёев – бир сўзли инсон ва биз бошқа кўплаб масалалар устида биргаликда ишлашда давом этамиз», деб ёзди у "Truth Social" ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Демоқчиманки, Ўзбекистондаги оламшумул ўзгаришларнинг бошида айнан фидойи инсон – Президент турибди. Халқи билан биргаликда улуғвор лойиҳаларни амалга ошираётган сарбон фаолиятига дунё ҳамжамияти Трамп тимсолида катта баҳо бермоқда.

Хўш, бу хулосани билишимизнинг нима аҳамияти бор?

«Аламим бор…» мақоласи муаллифи бу саволга жуда оқилона жавоб берган.

Биз аввало, ўз ҳаётимизда бўлаётган ўзгаришларни англашимиз, қадрлай билишимиз керак. Чунки бу ўзгаришлар ўз-ўзидан бўлмайди. Мисол учун, Тошкент шаҳрига рўйхатга қўйишнинг тартибга солиниши, тадбиркорлар фаолиятини текширишга, дарахтлар кесилишига мораторий эълон қилиниши ёки маҳаллий бошқарувда ҳокимият билан кенгашлар фаолиятини айро ташкил этиш ҳар кимга ҳам ёқавермайди. Шу йўналишдан манфаат топиб турган одамлар янгиликни қабул қилади, дейсизми? Ёки, рақамлаштиришнинг қўлланилиши қанчалаб нопок кишиларнинг “ариғига бораётган сув»ни ёпиб қўйди. Халқимиз, энг аввало, зиёлилар ана шу жараён мураккабликларини ҳис қилиши ва билиши керак.

Мақолани ўқир эканман, тарихимиз билан бугунимизнинг қиёсида оддий ва эътиборга молик хулосаларни кўраман. Бироқ бугунги шаҳду шиддатимиз, тараққиётда юқорилаб бораётганлигимиз тўғрисидаги хулосалар кўнглимни ёритади. Бугун дунё биз билан ҳисоблашяпти, бугун дунё рейтингида юқорилаяпмиз. Ҳамкорликнинг Ўзбекистонга хос бўлган усулини қўллаяпмиз.

Бу, биринчидан, стратегик муносабатга эришиш.

Иккинчидан, давлатлараро керакли соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш.

Учинчидан, ҳамкорликда мунтазамлиликка эришиш.

Тўртинчидан, ҳамкорлик даражасини илмий, таҳлилий баҳолаб бориш.

Ш.Мирзиёевнинг айнан ана шундай йўл тутиши туфайли бугун у ёки бу давлат билан ҳамкорликни йўлга қўйиш баробарида Ўзбекистонда кўплаб нуфузли хорижий илм масканларининг филиаллари очилди. Яъни, замонавий соҳаларга кадрларни ўзимиз тайёрлай бошладик. Албатта, муаллиф айтганидек, бундай мисолларни келтираверсак, қоғоз етмайди. Муҳими, барчамиз ҳаётимизда, оиламизда, маҳалламизда, қишлоғимизда, туманимизда, вилоятимизда – Ўзбекистонимизда рўй бераётган жиддий ўзгаришлардан ғурурланишни ўрганишимиз керак.

Муаллифнинг Ислом цивилизацияси маркази фаолияти мисолида тарихимизга муносабат юзасидан билдирган фикрлари ҳам арзирли. Шу ўринда, айнан ана шу марказ ташаббуси билан Имом ал-Бухорий мажмуасида янгитдан барпо этилган замонавий музей ҳақида ҳам айтиш керак. Бу ерда ҳам қадриятларимизга оид ноёб экспонатлар намойиш этилмоқда. Зиёлиларимиз айнан ана шундай масканларни гавжумлаштиришга, одамларни уларнинг руҳияти билан суғоришга хизмат қилишлари керакка ўхшайди.

Баъзан, хорижга борганда аҳолининг ўз музейларига, ёдгорликларга уюшган ҳолда ва мунтазам келишларини кўриб, ҳавасим келади. Гап узоқ ва буюк тарихга эга бўлишда эмас, балки бор тарихни қадрлай олишдадир. Кўҳна дунё барчага сабоқ бўлган ва бундан кейин ҳам сабоқ бўлаверади. Бизнинг вазифамиз эса унинг ана шу сабоқларидан ўз вақтида ва керакли хулосани чиқара олишда.

Агар лўнда қилиб айтадиган бўлсам, мақолани ўқиб камина бир муҳим хулосани англадим. Янги Ўзбекистон ғояси инсон қадрини улуғлашгина эмас,балки унга  имкониятларидан фойдаланишга шароит яратиш ва шу орқали халқ билими,истеъдодм ва заковати билан фаровон ҳаётни таъминлашдир. Биз, агар, мамлакатда бўлаётган, дунё эътироф этаётган ижобий  ўзгаришларни теран англасак, уни ташаббускор Президент ва меҳнаткаш, иқтидорли халқимиз, яъни Ўзимиз амалга ошираётганимизни тушуниб етамиз, нолиш қилиб ёки  бир-биримизга тош отиб юргандан кўра, бирлашиб ишласак, ўз ҳаётимизни ўзимиз ўзгартира олишимизга ишонч ҳосил қиламиз. Бу ишонч айни кунларда дунё аҳлига жуда катта эҳтиёж эканлиги аён бўлаётир. Буни инкор қилиб бўлмайди. Зеро, ҳамма жамият, ҳамма давлатни ҳам барқарор сақлайдиган нарса  - бу энг аввало миллат бирлиги ҳамда тинчлик сиёсатидир. Унинг қадрига етмаганлар аҳволи не кечаётганини тарих ҳам, ҳатто ҳозирги замон ҳам бизга очиқ-равшан кўрсатиб турибди.

Самарқандлик ижод аҳли ушбу мақолани жуда катта қизиқиш билан мутолаа қилди. Жумладан, биз таҳририятимизда ижодий ходимлар, фаол муаллифлар иштирокида уни биргаликда ўқидик. Кўпчиликнинг фикрича, ушбу битик замонамизнинг ибратли эсселаридан бири ҳам ҳисобланади. Унинг ёзилиш услуби, муаллифнинг хулосалари барча зиёлилар учун намуна ролини ўтайди. Тўпланганлар ана шундай хулосага келишди.

Ўзбекистондаги ислоҳотлар орқага қайтмайди. Чунки биз ким билан ва қандай ишлашни ўзлаштирдик. Биз энди ихтиролар қилиш, дунёни лол қолдириш ва шу орқали юртимиз равнақини таъминлашнинг ҳадисини олдик. Бунинг учун мисол келтириш шарт эмас. Ижтимоий тармоқлардаги хабарларда деярли ҳар куни юртдошларимизнинг оламшумул ютуқлари намойиш этилмоқда.

Камина ҳам худди мақола муаллифига ўхшаб юрагимдаги аламларимни тўкиб солдим. Бу аламлар аввало, мени ўз кўнглим билан курашишимни тақозо этади. Бу аламлар зиёли сифатида бошқаларга ибрат бўлишимни талаб қилади. Ўзбекистонда жамиятга эътиборсиз бўлмаган ҳар бир шахс ана шундай фикрлайди. Бунга ишончим комил!

Фармон ТОШЕВ,

Самарқанд вилоят «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.