Юртимизда 80 фоиздан ортиқроқ бемор тўлиқ соғайган ва реабилитация марказларига ўтказилган
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирусга чалинган беморлар ҳақида маълумот берди:
– Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан 2620 бемор рўйхатга олинган. 2075 нафар, яъни 80 фоиздан ортиқроқ бемор тўлиқ соғайган ва реабилитация марказларига ўтказилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотга кўра, шифохоналарда даволанаётган 525 бемордан 11 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.
Карантин тадбирлари давом этяпти. Карантин бекор қилингани ҳақида ҳеч қандай кўрсатма бўлгани йўқ. Демак, карантин тадбирларига ва берилган имконият – карантин тадбирларини босқичма-босқич юмшатиш талабларига тўлиқ риоя этишимиз керак. Агар биз ҳаддан ортиқ фаоллашиб кетадиган, мулоқотларни ошириб юборадиган, касаллик юқиш имкониятини юзага келтирадиган бўлсак, вазият яна жиддийлашиб кетишига сабабчи бўлиб қолишимиз мумкин.
Касалликнинг иккинчи тўлқинига рўбарў келадиган бўлсак, у пайтда қўйиладиган талаблар янада қаттиқ ва кескин бўлади. Шунча пайт карантин тадбирларига риоя этиб, вазиятни бирмунча барқарорлаштирдик. Ҳамжиҳатликда ҳаракатларни давом эттирсак, касалликни енгамиз ва эпидемик барқарор ҳудудга айланамиз.