Юртимизда ҳалқали Қуёш тутилиши кузатилди

Бугун, 26 декабрь куни эрталаб 8:00 дан 10:06 гача ҳалқали шаклидаги Қуёш тутилиши ноёб астрономик ҳодисаси кузатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси хабар қилди.

Соат 9:00 атрофида тутилиш максимумга эга бўлди ва унда Қуёш гардишининг учдан бир қисми тўсилди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти томонидан Мирзо Улуғбек мактаб-интернати, Президент мактаби ўқитувчи ва ўқувчилари, шунингдек, ёш олимлар иштирокида семинар ташкил қилинди.

Семинар давомида ушбу астрономик ҳодиса Мирзо Улуғбек мактаб-интернати биносига ўрнатилган махсус экранли замонавий телескоп ёрдамида кузатилди.

Шунингдек, институт олимлари томонидан Қуёш ва Ой тутилишининг асосий қонунлари, уларнинг илмий ва амалий аҳамияти ҳақида маълумот берилди.