«Зарафшон» далдаси ижодимда қувват бўлди
Ассалому алайкум, қадрли «Зарафшон» газетаси ходимлари. Мен ушбуни сизларга миннатдорлик хати сифатида йўлладим.
Бундан уч йил аввал Самарқандга бориб, Биринчи Президентимиз қабрини зиёрат қилдим. У киши хотирасига шеър ёзиб, таҳририятга бордим. Шунда бош муҳаррир ва ижодий ходимлар менга илиқ муносабатда бўлишди, китоблар совға қилишди.
Бош муҳаррир тавсияси билан Ислом Каримов музейига машқларим ва китобларимни юбордим. Кўп ўтмай музей директоридан раҳматнома олдим.
Афсуски, умумртқамни операция қилишгач, биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолдим, аравачада юраман. «Зарафшон» ходимлари маслаҳати ва далдаси менга ижодда қувват бўлди. Шеъримни чиқариб, бу ҳақда менга хабар беришди. Натижада «Яша дейди юрагим» деган иккинчи китобимни ёздим.
Янги йилда сизларга янги ижодий омадлар тилайман ва кейинги шеърларимдан бирини илиндим.
Ҳурмат билан Марҳабо КАРИМОВА,
Китоб тумани, Минжир қишлоғи.
Ватаним посбонлари
Қалбингизда Ватан ишқи бор,
Фидойисиз кўкси қалқонлар.
Ватан сизга ҳар вақт номус ор,
Мард ва жасур, асл ўғлонлар!
Сизлар сабаб тинчмиз осуда,
Аямайсиз ҳаттоки, жонни.
Бизлар ором олиб уйқуда,
Қўриқлайсиз она Ватанни!
Қорли бўрон, совуқ изғирин,
Узун тунда юрасиз бедор.
Хизматларин айтай қай бирин,
Сизлар тенгсиз юртга фидокор.
Қалбингизда Ватан ишқи бор,
Фидойисиз кўкси қалқонлар.
Байрамингиз бўлсин муборақ
Мард ва жасур, асл ўғлонлар!