«Зарафшон» миллий табиат боғида экотуризм: Сайр, даволаниш, спорт

- Зарафшон дарёси соҳиллари бўйлаб 47 километрга чўзилган бу табиат гўшаси етти ҳудудга бўлинган. Миллий табиат боғидаги баҳайбат турангазорлар, чаканда, малинхула, ёввойи дўлана ва қуюқ тўқайзор бошқа ҳудудда айнан учрамайди, - дейди миллий табиат боғи инспектори Бахтиёр Ражабов. – Экотуризмни ривожлантиришнинг ўн йиллик дастурига асосан, туристик хизмат кўрсатиш тизимини ишлаб чиқдик. Дастлабки босқичда учта ҳудуд сайёҳларни қабул қиладиган маскан сифатида танлаб олинди. Улар учун яёв юриш, машинада айланиш, велосипедда сайр қилиш, отда юриш маршрутлари бўйича хизмат кўрсатилади.

Боғнинг биринчи бўлими, яъни 4 километр қисми яёв юрадиган манзил сифатида белгиланди. Маршрут кириш дарвозасидан бошлаб турангазор ичидан Зарафшон дарёсигача олиб боради. Шу жараёнда Бухоро буғулари ва Зарафшон тилларанг қирғовули парваришхонаси, кўчатчилик тажриба майдонларига бориш имкони мавжуд. Машина, велосипед ва отда юриш маршрутлари бўлим нозирлари ҳамроҳлигида ташкил этилади.

Бу йўналишлар биринчи бўлимдан бошланиб учинчи бўлимда якунига етади. Боғнинг 10 километрга тенг ана шу қисмида сайёҳлар миллий боғ табиатининг бор гўзаллиги, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси билан яқиндан танишишлари мумкин.

Ҳудудга қарашли 15 гектар майдонда ёввойи ҳайвон турларини парвариш қиладиган махсус вольерлар қуриш ҳам режалаштирилган. Учта ҳудуд ажратилиб, 2 тадан Африка туяқуши, жайрон ва туя келтириб боқиш учун шароит яратилмоқда.

Ҳа, азалдан инсонларда учрайдиган айрим касалликларни даволаш учун табиат қўйни ва табиий дармондориларга бой ҳудуд танланган. Мутахассисларнинг айтишича, 10 гектар майдонда қуриладиган тиббий марказда беморларни табиий муолажа ёрдамида даволаш йўлга қўйилар экан.

Очиқ майдонда тўп ва чавгон ўйнашни истовчилар кўкаламзорлаштирилган 5 гектар майдонда спорт билан шуғулланишлари мумкин бўлади. Атрофни кузатиш учун тикланган 10 метрлик 2 та темир минора шовуллаб оқаётган дарё ва миллий боғ ҳудудини яхлит кўриш, тасаввур этиш имконини яратиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Йўл атрофи маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, кичик меҳмонхона қуриш мўлжалланган. Бундай меҳмонхоналар табиатдан узилиб қолмайди, албатта. Ҳар бир иншоотнинг меъморий ечими боғнинг бир бўлагини эслатиши керак. Айтайлик, меҳмонхона ичида майда ҳайвонлардан иборат жонли бурчак ташкил этилади. Масалан, «табиат манежи»ни яратиб, тошбақа, типратикан, жайрон, қуён, кабутар каби майда жониворларни парвариш қилиш мумкин. Келган меҳмон уларни озиқлантириши учун шароит яратилади. Бу табиат билан жонли мулоқот қилиш, суратга тушиш, хуллас, вақтнинг мазмунли ўтишини таъминлайди.

Адҳам ҲАЙИТОВ,

Шерзод ИСОҚУЛОВ.

Мақоланинг тўлиқ матнини “Зарафшон” газетасининг 64-сонида ўқинг!