@zarafshonbot га мурожаат: Булунғурлик талабадан Самарқанддаги қариндошиникида яшаётгани учун жарима ундириладими?
Самарқанд давлат чет тиллар институти халқаро журналистика йўналиши биринчи курс талабасиман. Самарқанд шаҳар, Суғдиёна маҳалласида холамнинг уйида истиқомат қиламан. Ҳозирда холам Моҳира Исроилова Туркия давлатида бўлганлиги учун рўйхатдан ўтмасдан яшаяпман.
Оиламиз ўртаҳол бўлганлиги учун ижарада ёки талабалар ётоқхонасида яшашга имкониятим йўқ.
Яқинда вилоят ИИБ ХООБнинг бошлиғи Акрам Ҳалимов ўтказган матбуот анжуманида вақтинча рўйхатдан ўтмасаям талабаларга жарима қўлламаймиз, деганди. Аммо шу йилнинг 10 март куни Суғдиёна маҳалласи профилактика инспектори (исми Феруз экан) бизни маҳаллага чақиртириб, вақтинча рўйхатда турмаганлигимиз учун жарима қўллаш тўғрисида маъмурий баённома тузди.
Ваҳоланки, Президентимизнинг 2020 йил 22 апрелдаги “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг муайян ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тегишинча ушбу ҳудуднинг бошқа манзилида истиқомат қилса, турган жойи бўйича вақтинча рўйхатга олиниши шарт эмас. У паспорт тизими қоидаларини бузган деб ҳисобланмайди, деб белгиланган.
Бошқа вилоятларда ҳам талабалардан прописка талаб қилмаётган бир пайтда биз - шу вилоятнинг туманида яшовчи фуқарога маъмурий жарима қўлланиши адолатданми?
Комила Қобилова.