Zarafshonbot’га мурожаат: Қорасувдаги “Nur Sharq Tess” бошқарув сервис компаниясидан истеъмолчиларга байрам "совға"си: Айрим қарздорлар учун "дом"лардаги лифтлар иши тўхтатилиши мумкин

Самарқанд шаҳар Қорасув маскани Қорасув маҳалласига “Nur Sharq Tess” бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатади. Ушбу маҳаллада 12, 14, 16 кўп қаватли уйлар жойлашган бўлиб, ҳар бир кўп қаватли уйда иккитадан (катта ва кичик) лифтлар мавжуд.
Кеча “Nur Sharq Tess” бошқарув сервис компанияси ушбу лифтлар 15 мартдан электр энергиясидан узиб қўйилиши ҳақида огоҳлантирув хати қўйиб кетишибди. Бунга айрим фуқаролар “Nur Sharq Tess” бошқарув сервис компаниясига мажбурий бадал тўловларини ўз вақтида тўламай келаётганлиги сабаб қилиб кўрсатилган.
Савол туғилади, бошқарув сервис компаниясига олдиндан бир йиллик тўловни амалга оширган фуқаролар нима қилади? Улар ҳам электр энергияси узиб қўйилса, лифтлардан фойдалана олмайдими? Қани бу ерда мантиқ? Ҳар бир подъездда 36 тадан 48 тагача хонадон мавжуд. Айтайлик, хонадон эгаларининг ярми мажбурий бадал пулини тўлаган бўлса, қолган қарздорлар учун ҳам шунча одам юқори қаватлардан зинада тушиб чиқадими? Бу ерда қариялар, гўдаклар бор.
Биз ўзи қайси асрда яшаяпмиз? Мажбурий бадал пулини ундиролмаётган “Nur Sharq Tess” бошқарув сервис компанияси нега қарздор фуқарони судга бермайди? Қарздорликни ундиришнинг қонуний, ҳуқуқий йўлларидан улар бехабарми ёки қолоқ ва бошқа истеъмолчиларга ноқулай усул уларга маъқулми?
Бизда қачон аҳолига хизмат кўрсатиш жаҳон стандартларига мос равишда тўғри йўлга қўйилади?
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.