Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Зарафшон»нинг АҚШдаги собиқ мухбири у ердаги ҳаёт ҳақида гапириб берди

Бутун дунё миқёсида у ёки бу соҳалар фаолияти тўхтаган, ишсизлик, демакки, маблағсиз қолган оилалар кўпайган айни карантин кунларида Америкадаги ўзбекистонликлар турмуши қандай кечмоқда? Уларга ҳам эътибор қаратилаяптими? Шулар ҳақда билиш учун «Зарафшон» газетасида бир неча йиллар давомида мухбир сифатида фаолият юритган, айни кунларда эса оиласи билан Америкада истиқомат қилаётган Сарвиноз Умурова билан суҳбатлашдик.

- Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, карантин кунлари ўзбекистонликлар ўзаро жипслигини намоён қилди. Хабарингиз бор, жуда кўпчилик ўзбекистонликларнинг Нью-Йоркда ошхона, дўконлари бор. Хурсанд бўлганим, карантин бошланганидан буён ўзбекистонлик оилалар учун доимий равишда эҳсон ошлари тарқатилмоқда. Ўзбекистонликлар томонидан ташкил этилган дўконлар 24 соат давомида ишлайди, уларга исталган вақти қўнғироқ қилиб, маҳсулот буюртма қилиш мумкин. Америкада ҳам айни пайтда антисептик воситалар, қўлқоп, тиббий ниқоблар камёб бўлиб қолган. Ўзбекистонлик ҳайдовчилар бирлашиб, шу воситаларни юртдошларимизга тарқатишмоқда. Сабаби, аксарият ўзбекистонликлар одам гавжум ҳудудлар, хусусан, дорихона, дўконларда фаолият кўрсатади, шунингдек, кексалар парвариши билан шуғулланади. Шунинг учун улар бу воситаларга ҳаммадан кўпроқ муҳтож.

- Сарвиноз, айтингчи, ўзбекистонликлар ҳукумат ёрдамидан ҳам баҳраманд бўлишдими?

- Ҳа, расман АҚШда яшаб, ишлаётган ўзбекистонлик оилаларга ҳам америкалик фуқаролар, яъни даромади маълум миқдордан кам бўлган оилаларга бўлгани сингари маблағ ажратилди. Катта ёшдагиларга 1200 АҚШ доллари, вояга етмаганлар учун эса 500 АҚШ доллари миқдорида бир марталик ёрдам берилди. Табиийки, бу ёрдам айни кунларда ишсиз қолган, йиллик даромад кўрсаткичларидан келиб чиққан оилаларга берилди. Бу ерда ҳар бир штат ўз фуқароларига қўшимча ёрдам кўрсатилишини ўзи ҳал қилади. Биз истиқомат қиладиган Нью-Йорк штатида шунингдек, ижара ҳақи тўловлари ҳам икки ойга музлатилди.



- Аммо бу яшайдиган хонадонлар учун ижара ҳаққи тўланмайди, дегани эмас, тўғрими?

- Ҳа, албатта. Бу ерда ижара ҳақи ўртача 2 минг АҚШ долларини ташкил қилишини кўпчилик яхши билади. Умуман, бир оиланинг бир ойлик ўртача, энг зарурий харажатлари 4 минг долларга бориб қолади. Фарзандлари ёши каттароқ оилаларда эса ундан ҳам кўпроқ. Шундай экан, Америкада бир ой бўлса-да, ишсиз қолиш бир оила учун катта талафот саналади. Яъни, биргина ижара ҳақини ўз вақтида тўламаслик ҳам кейинги ойга ўтса, оилага дарҳол билинади ва қўшимча фоиз олинади. Карантин пайтида бизнинг штатимизда бу масалада бироз енгиллик бўлди, яъни ижара ҳақи тўланмай қолган ойлар учун ўша фоизлар уч ой давомида тўланмайдиган бўлди. Ҳукумат берган ёрдам асосий, шу каби тўловларни қамраб олади.

- Фарзандлари катта оилаларга кўпроқ маблағ талаб этилади, дедингиз. Таълим олишигами ёки бошқа харажатлари ҳам борми?

- Биласизми, ўзбекистонликларнинг бу ерда яшаш тарзи икки хил. Кимдир тезроқ ва кўпроқ пул ишлаб, Ватанга жўнатиш ва шу орқали келгусида ўзига молиявий пойдевор яратиш, қариндош-уруғларига ёрдам кўрсатиш ҳаракатига тушади. Бу оилалар фарзанд таълимига катта эътибор қаратмайди. Яъни, фарзандлари мигрантлар учун мавжуд бепул мактабларда таҳсил олади. Аммо шундай оилалар борки, улар болаларининг яхшироқ, нуфузли мактабларда ўқитишни истайди, обрўли университетларда таҳсил олишига болалигидан пойдевор қўйишни истайди. Яхши мактабларда ўқиши учун боланинг билими зўр бўлиши керак. Шунга кўра у қўшимча таълим, бизнинг тилда айтадиган бўлсак, репетиторларга муҳтож бўлади. Бу ерда репетитор хизматлари ҳам арзон эмас. Агар бошдан у яхши мактабларда ўқиб, билими рейтинги юқорилаб борса, нуфузли олий ўқув юртларида таҳсил олиши мумкин. Шартнома асосида ўқиш эса ўзингизга маълум, бу ерда жуда қиммат, ўртача 50 минг АҚШ долларига тенг. Шунинг учун аксар ўзбекистонликлар фарзандларини коллежда ўқитишади. Аммо бу ҳам нуфузли диплом бўлиб, бемалол идора ишида хизмат қилиши мумкин. Коллежларнинг ҳам турлари мавжуд. Хуллас, шу тариқа фарзандлари таълимига жиддий эътибор қаратган ўзбекистонлик мигрантлар катта маблағ сарфлашига тўғри келади.

- Коронавирусга чалинганларнинг уйида даволанаётгани, умуман, штатдаги айни пайтдаги ҳолат ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

- Тўғри, коронавирусга чалинганлиги аниқланган беморлар уйида, шифокорлар тавсияси остида даволанмоқда. Ушбу ҳолатда фуқароларнинг юқори интизом ва ўзи ҳамда ўзгалар соғлиғини ўйлаб иш тутишларига ишонилади ва барча қоидаларга риоя қилинади. Фақат беморлар жуда оғир аҳволда қолсагина клиникага ётқизилади. У ерда даволаниш бепул бўлмайди, албатта. Умуман, Нью-Йоркда жамоат транспорти қатнаяпти, катта таъқиқлар йўқ. Фақатгина фуқароларнинг ижтимоий масъуллигига ишонилмоқда. Аммо касалликнинг жуда тез суръатларда ўсгани бизни ташвишга солди. Ўзбекистонда олиб борилган чораларни шу ердан туриб, яқинларимиздан эшитдик ва қанчалик тўғри йўл эканлигини тасдиқлаб турибмиз.

- Айни кунларда юрт соғинчи янаям кўпроқ билинаётган бўлса керак, тўғрими?

- О, соғинч ҳақида сўраманг. Биз оиламиз билан май ойини интиқлик билан кутаётгандик. Сабаби, шу ойда Ўзбекистонга учиш учун чипталарни олиб қўйгандик. Айтиш керакки, Америкада яшовчи бошқа юртлардан келган фуқаролардан фарқли равишда ўзбекистонликлар таътил пайтини, албатта Ўзбекистонда ўтказади. Қариндошларининг дийдоридан куч олиб, сўнг ишлашда давом этади. Билмадим, май ойида аҳвол қандай бўлади, ҳозирча  номаълум. Истагимиз, эртароқ бу вирусга қарши вакцина ишлаб чиқилса, кўнглимиздаги хавотирлар ариса! Яқинларимиз дийдорига мушарраф қилсин, дея дуодамиз, албатта!

-Ўзингизни эҳтиёт қилинг, суҳбатингиз учун раҳмат!

Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.