“Зармитан” конида скипли ствол – замонавий муҳандислик иншооти ишга туширилди

Шу муносабат билан Қўшработдаги геологлар шаҳарчасида тадбир ташкил этилди. Тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Абилов, Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари У.Юсупов, “НКМК” АЖ бошқаруви раиси – Бош директори Қ.Санақулов, шахта қурилишида иштирок этган Чехия Республикасининг “Mine Construction Alliance S.R.O” компанияси вакиллари, комбинат мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, меҳнат фахрийлари иштирок этди.

Чехия Республикасининг “Mine Construction Alliance S.R.O” компанияси раҳбари И.Расулов скипли ствол рамзий калитини Жанубий кон бошқармаси директори Т.Юлдашевга топширди. Сўнгра иштирокчилар мазкур саноат объектидаги иш жараёнлари ва яратилган шарт-шароитлар яқиндан танишди.

Таъкидлаш ўринлики, кейинги йилларда “Навоий кон-металлургия комбинати” (НКМК) акциядорлик жамиятида босқичма-босқич амалга оширилаётган муҳим инвестицион лойиҳалар янги конларни ўзлаштириш, гидрометаллургия заводларини ишга тушириш, амалдаги корхоналарни модернизациялаш орқали маъданни қайта ишлаш қувватлари, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, янги иш ўринларини яратишга хизмат қиляпти.

Бу каби амалий ишларни Қўшработ туманидаги Жанубий кон бошқармаси конлари майдонида амалга оширилган “Зармитан конининг қуйи горизонтларини ўзлаштириш” инвестицион лойиҳаси мисолида ҳам кўриш мумкин.

 Мазкур лойиҳа доирасида диаметри 6,5 метр бўлган скипли ствол чуқурлиги 1000 метрга етказилди ва бу Ўзбекистон кон-металлургия саноати тарихида янги босқични бошлаб берди. Бу ўзининг илғор муҳандислик-қурилиш, инновация ва рақамли ечимлари билан ноёб шахта стволи ҳисобланади.

Лойиҳанинг кейинги босқичида скипли стволни жиҳозлаш ва ускуналарни ўрнатиш ишлари тўлиқ якунига етказилди. Бу жараёнда хорижий ҳамкорлар билан бирга “НКМК” АЖ ва Жанубий кон бошқармаси вакиллари, Зарафшон қурилиш бошқармаси, “Саноатэлектромонтаж” трести қурувчилари, шунингдек, украиналик, қозоғистонлик мутахассислар амалий кўмаги билан фаол иштирок этди. Бу ствол ишга туширилиши маъдан ташиш унумдорлигини ошириш, харажатларни камайтириш билан бирга 90 та янги иш ўрни ва корхона учун қўшимча қиймат яратиш имконини берди. Ундан келадиган йиллик иқтисодий самарадорлик 19,2 млрд. сўм, деб баҳоланмоқда.

- Скипли ствол – ер ости конларидан қазиб олинган маъданни ер юзига кўтариш учун махсус лойиҳалаштирилган вертикал ёки қия шахта қудуғидир, - дейди “НКМК” АЖ бош муҳандиси Атабек Равшанов. - Унинг асосий вазифаси юкни тез, самарали ва хавфсиз ташишдан иборат. “Зармитан” конининг турли ер ости горизонтларида қазиб олинаётган тоғ жинслари энди 240-горизонтда йиғилиб, маъдан марказлашган ҳолда скипли ствол орқали ер юзасига ташиб чиқарилади. Унинг фойдаланишга топширилиши нафақат технологик юксалиш, балки республикамиз кон-металлургия саноатида муҳим ўзгаришлардан бири, замонавий муҳандислик намунасидир. Бундан кейин ҳам соҳага бу каби илғор, замонавий технологияларни жорий этиб бориш асосий вазифаларимиздан бири бўлади.

Мазкур лойиҳа скипли ва клет стволларидан иборат. Масалан, скипли стволда иккита 20 тонналик бункер мавжуд. Улар фақат тоғ жинсларини ер юзасига чиқаришга мўлжалланган. Масалан, бир суткада 3835 тонна маъдан ер остидан ер юзасига олиб чиқилса, бир йилда бу кўрсаткич 1,4 млн. тоннани ташкил этади. Ер юзасига чиқарилган маъдан 4-гидрометаллургия заводига қайта ишлаш учун етказилади. Клет стволи эса ишчи-хизматчилар ва керакли жиҳозларни ер ости горизонтларига олиб тушиш ҳамда олиб чиқишга мўлжалланган.

Шунингдек, ушбу қурилмалар ҳар жиҳатдан хавфсиз ва тежамкор. Мисол учун, 60 тонна тоғ жинсларини 3 та автоавтоағдаргичда ер юзасига олиб чиқиш уч соат вақт, шу билан бир қаторда, ер ости техникалари, ёқилғи-мойлаш материаллари ва бошқа харажатлар талаб этилган бўлса, ҳозирда скипли стволга ўрнатилган 20 тонналик бункерлар орқали 60 тонна тоғ жинсларини ер юзасига олиб чиқишга атиги 8-10 дақиқа вақт кетади. Яна бу қурилма электр энергияси ҳисобига ишлагани боис, экологик жиҳатдан атроф-муҳитга мутлақо салбий таъсири йўқ. Натижада вақт сарфи ва ёқилғи материаллари 60-70 фоизгача иқтисод қилинади.

Шахта стволлари замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида тўлиқ рақамлаштирилган. Бутун фаолияти марказий операторлик пульти орқали бошқарилади. Улар ёрдамида иш жараёнлари доимий кузатилиб, юк ташиш аниқ ҳисоб-китоблар орқали мониторинг қилиб борилади. Бундан ташқари, огоҳлантирувчи сигналлар орқали ҳар қандай ҳолатнинг олдини олиш имконияти ҳам мавжуд.

Тадбирда шахта қурилишида фаол иштирок этган бир гуруҳ соҳа илғорлари Навоий кон-металлургия комбинатининг турли даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқлари ва совғалари, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг фахрий ёрлиқлари ҳамда вилоят ҳокимлигининг ташаккурномалари билан тақдирланди.

“Зармитан” конида замонавий муҳандислик иншооти – скипли ствол ишга туширилиши муносабати билан оммавий ахборот воситалари вакиллари ва журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди.