Zarnews.uz Навоийда: Тошдан қурилган 500 йиллик обида
Одатда юртимиздаги қадимий архитектура ёдгорликлари ҳақда гап кетганда кўпинча аввало Самарқанд, Бухоро ва Хива кўз ўнгимизга келади. Айтиш лозимки, юртимизнинг деярли ҳар бир гўшаси қадимий обидаларга эга. Мухбиримиз Навоий вилоятига сафари давомида Қизилтепа туманида жойлашган қадимий Тош масжид номини олган обидага ҳам кириб ўтди.
Туманнинг Ванғози қишлоғидаги Тош масжид меъморий мажмуаси XVI асрда Абдуллахон II ташаббуси билан бунёд этилган. Ундаги минора XVIII асрда барпо этилган.
Масжид тошдан тиклангани учун халқ орасида Тош масжид номини олган. Бино 70 см баландликдаги супага қурилган. Унинг кўркам ҳажмий-маконий композициясининг марказий қисмида баланд пештоқ ва йирик мовий гумбаз ажралиб туради. Масжиднинг 24х40 метр катталикдаги умумий биносида 2 та йирик ва 16 та бир хилдаги майда гумбазлар билан ёпилган ягона хона бор.
Масжид ёнида гўзал услубда қурилган минора бор. Унинг баландлиги 24 метр бўлиб, пастки қисмининг асос айланаси 3,8 метрни ташкил этади. Пойдевори тошдан терилган.
Бу жой ХIХ-ХХ аср бошларида Ванғози қишлоғидаги ягона дарвозали мустаҳкам қалъа-қўрғон бўлган. Ушбу қалъа айланаси тахминан 2 км бўлган девор билан ўралган.
Қалъа ичида қоровулхона, мадраса, маъмурий бинолар, қозихона, миршабхона кабилар мавжуд бўлган. Шунингдек, бу қишлоқда ёпиқ савдо растали бозор, қатор тураржой ва диний иншоотлар қад кўтарган бўлиб, ҳозирда ушбу моддий-маданий меросимиздан фақат ХVI асрда пишиқ ғиштдан қурилган баланд минорали Тош масжид ва Қўрғон масжидлари сақланиб қолган.