Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нарпайда XI-XII асрларга оид тураржой ҳамда хумдон топилди

Нарпай туманида 60 дан ортиқ археологик ва архитектура ёдгорликлари аниқланган бўлиб, улар даврийлик жиҳатидан палеолит, антик, илк ва сўнгги ўрта асрларга оид. Яъни, ҳудуднинг антропоген ландшафти қадим аждодларимиз томонидан доимий ўзлаштириб борилганлигидан гувоҳлик беради.

Туманнинг энг қадимги ёдгорликлари бўлган Қўтирбулоқ ҳамда Зирабулоқ маконлари ибтидоий одамлар томонидан ўрта ва сўнгги палеолит даврлариданоқ ўзлаштирилган. Мазкур ёдгорликдан топилган палеолит даврига оид топилмаларнинг асосий қисми тош қуролларни ташкил этиб, уларни ясашда хомашё сифатида кўпроқ диорит ва кварцли галкалардан фойдаланилган. Ёдгорликларда фаунистик қолдиқлар ҳам мавжуд бўлиб, уларда ёввойи от, ҳўкиз, қулон ва буғу суяклари учрайди.

Яқинда туманнинг Тошкўприк маҳалласидаги Рабинжон ёдгорлигидан яна бир топилма - тураржой ўрни ва хумдон топилди.

Хўш, Рабинжон ўзи қандай археологик ёдгорлик?

Ўрта асрлар ёзма манбаларида келтирилишича, Рабинжон Хуросонга борадиган катта йўл (Самарқанд ва Бухорони боғловчи “Буюк ипак йўли” тармоғи) устида  жойлашган Марказий Суғднинг йирик шаҳарларидан бири бўлган, - дейди Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари номзоди Амриддин Бердимуродов. – Шаҳар 150 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, арк, шаҳристон ва работдан ташкил топган. Шаҳристонда аҳоли, аркда ҳукмдор, работда ҳунармандлар ва ҳарбийлар яшаган. Манбаларда Рабинжон аҳолиси кўп бўлгани, деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик ҳамда савдо-сотиқ билан шуғуланганлиги қайд этилган. Айниқса, гиламлари билан жуда машҳур бўлган. Кўҳна кент Добусиядан 5 фарсаҳ (1 фарсаҳ - 6-8 километр), Самарқанддан эса 12 фарсаҳ масофада бўлган. Мазкур шаҳар ўрни ҳозирда Нарпай тумани Тошкўприк маҳалласига тўғри келади. Жорий йилнинг июль ойидан Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти археологик отряди томонидан ёдгорликнинг шаҳристон ва работ қисмларида олиб борилган археологик қазишма ишлари натижасида XI-XII асрларга оид тураржой ўрни ҳамда хумдон борлиги аниқланди.

Ёдгорликда олиб борилган археологик қазишмаларнинг илмий таҳлилига кўра, Рабинжон ўз-ўзидан вужудга келиб қолмаган. Ёдгорлик милоддан аввалги II минг йилликнинг биринчи ярмида пайдо бўлган. У кўҳна Оромижон шаҳри харобаси ўрнида қад кўтарган. Ўрта асрларда қадимий Рабинжонга қарашли бўлган Сакон ёки Аскон, Санкабот, Фурфора ва Карзон каби қишлоқларнинг номлари ҳам учрайди. Самарқанд-Бухоро карвон йўлида бунёд этилган бу шаҳарнинг шаҳристон қисми илк ўрта асрларда мудофаа деворлари билан мустаҳкамланган ва IХ асрнинг охири XI асрнинг ўрталарида шаҳар янада кенгайтирилган. Яқинда топилган тураржой ҳам айнан шаҳарнинг шаҳристон қисмига тўғри келади.

Рабинжон ёдгорлигидан топилган тураржой шаҳристон қисми бўлиб, 5,5х3,5 метр ўлчамда барпо этилган, - дейди Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти докторанти Наврўз Алимов. – Деворларнинг қалинлиги 80 сантиметрдан 1 метргача етса, эшикнинг кириш қисми 90 сантиметрни ташкил этади. Шунингдек, полнинг устки қисмида диаметри 44 сантиметрли ўчоқ бўлиб, хонадонни иситишда фойдаланилган. Бу ердан топилган сопол буюмлар, тангалар, ғишт ва тураржой қолдиқларининг ўлчамидан маълум бўлдики, топилмалар қорахонийлар даврига, яни XI-XII асрларга оид деб даврлаштирилди.

Ўрганишларимиз натижасида шаҳарнинг жанубий-шарқий қисмидан XI-XII асрларга оид, сопол буюмлар тайёрланган хумдон топилди, - дейди институт катта илмий ходими Алишер Сандибоев. – Икки ярусли хумдоннинг пастки қисмида оловхона бўлган, юқори қисмида эса сопол пиширилган. Афсуски, хумдоннинг сопол пишириладиган қисми бизгача сақланиб қолмаган. Хумдоннинг оловхона қисми ўтинни тежаш мақсадида тўлиқ ғишт билан юмалоқ шаклда қурилган. Рабинжон шаҳридаги кулолчилик намуналарининг аксарият қисми ўша даврларда айнан шу хумдонда тайёрланган.

Археологик тадқиқотларга кўра, мазкур ёдгорликдан олинган сопол бўлаклари IV-V асрлардан ХIХ асрларгача мансубдир. Шу боис бу ерда ҳали кенг кўламли тадқиқотлар олиб боришимиз лозим.

Нарпай туманида қадимги жой номларини аниқлаш ва мавжуд археологик ёдгорликларда кенг қамровли қазишма ишларининг давом эттирилиши юртимиз тарихини янада чуқур ўрганиш ва англаш имконини беради.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.