Хончорбоғ. Паст Дарғомдаги ушбу жой ва чорбоғ тарихини биласизми?
Хончорбоғ топоними «хон» ва «чорбоғ» сўзлари бирикувидан ҳосил бўлган. «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да ёзилишича, хон - туркий ва мўғул халқлари унвони, чорбоғ – шаҳардан ташқаридаги ҳовли-жойли, қўрғонли боғ маъносини билдиради. Хончорбоғ – хоннинг чорбоғи демакдир.
Хончорбоғ Паст Дарғом туманининг жанубий дарвозаси ҳисобланади. Маҳалла ёнидан Самарқанд-Қарши темир йўли ўтган бўлиб, атрофида Санчиқул, Жуз, Наврўзтепа, Умакай, Каналёқа, Сайрам, Сариқул, Қумтепа қишлоқлари жойлашган.
Тарихдан маълумки, Соҳибқирон Амир Темур мамлакат ободлиги йўлида ўз давлати пойтахти Самарқанд шаҳри атрофида бир қанча боғлар барпо этади. Амир Темур ва темурийлар давридан кейин ҳам Марказий Осиёда боғ барпо этиш, боғ тузиш санъати давом этган. Бухоро хонлигини шайбонийхонлар сулоласи бошқарган даврда (1510-1601) ҳам боғлар барпо этилган.
Жумладан, Бухоро хони Абдуллахон II (1583-1598) Бухоро, Кармана, Самарқанд атрофларида ўзининг чорбоғларини қурдирган. Манбаларга кўра, Абдуллахон II Амир Темурдан кейин Соҳибқирон номи билан улуғланган, хизматлари боис Искандари Соний – Иккинчи Искандар номига эга ҳукмдор бўлган. Паст Дарғом туманининг Хончорбоғ маҳалласида ҳам Абдуллахон IIнинг чорбоғи бўлганлиги ҳақидаги тарих 5-6 асрдан бери халқ хотирасида авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда.
Ривоятлардан бирида айтилишича, Хончорбоғ ерида жуда катта боғ барпо қилиниб, ундаги мевалар шиғил пишиб, мўл-кўл ҳосил берган. Боғ ёнидан катта савдо йўли ўтар, карвон йўл юриб, Хончорбоққа келганида туялар мевали дарахтларга осилиб, шохларини, ҳосилини еб қўймасин деб уларнинг оғзини тўрва халта билан боғлаб ўтишган экан. Абдуллахон IIнинг сарой тарихчиси Ҳофиз Таниш Бухорийнинг «Абдулланома» (Шарафномайи Шоҳий) асарида келтирилишича, “Қоқлик бу жой аслида Қўриқи Қоқлик деб аталиб, Қарши билан Самарқанд оралиғида Самарқандга яқин бир мавзе бўлган. Кўли Моғиён - Кўли Моғок, Самарқанднинг ғарбий тарафида, ундан тахминан икки шаръи (тўрт километрга яқин) масофада жойлашган хушманзара жой. Юқоридаги иккала жой ҳам Хончорбоққа яқин мавзелар бўлган. Қаршидан Самарқанд томон йўлга чиққан Абдуллахон II бир неча манзилларда тўхтаб, йўлида давом этиб, Эски Анҳор каналининг шимолий қисмида, ушбу маҳалла ҳудудидаги қадимги қабристондаги зиёратгоҳга дуч келади. Хон зиёратгоҳ атрофидаги қақраб ётган ерларни обод қилишга буйруқ беради. Қўшин ҳозирги Хончорбоғ ерида тўхтаб, катта тепалик устига қўрғон қуради. Қўрғон атрофини тўртбурчак шаклда қалин пахса девор билан ўраб, ҳовли ичига дарахтлар, гуллар экади. Ушбу иншоот Хончорбоғ деб аталади. Эски Анҳор каналини қайта таъмирлаб, унинг атрофидаги ерларни обод қилади. Зарафшон тоғ тизмаларидан оқиб тушувчи Сазағонсой, Эгриқулсой, Оқсой каби сойларни Хончорбоққа буриб қўяди. Бу сувлар Хончорбоғ ерининг пастки қисмига йиғилиб, катта кўлни ташкил қилган.
Хончорбоғ маҳаллий аҳоли тилида Қўрғонтепа деб ҳам юритилади. 1936 йилда Самарқанд музейи археологи И.Сухарев бу жойни ўрганиб, боғнинг 19 гектардан иборат эканлигини аниқлаган ва унинг харитасини чизиб қолдирган. Унга кўра, боғнинг битта дарвозаси бўлган ва атрофи пахса девор билан ўралиб, марказда қўрғон қурилган. Дарвоза ёнидан ўтувчи Эски Анҳордан боғ ичига сув келадиган ариқ бўлган ва дарахтлар, экинлар, гуллар суғорилган. Эски канал ўша даврдан буён Хончорбоғ табиатига, унинг тароватига гўзаллик бағишлаш билан бирга, аҳолининг деҳқончилик билан шуғулланиши учун ҳам ҳозирга қадар қулай имкон яратмоқда.
Бу ердан сопол буюмлар, пишиқ ғишт ва пахса деворлар қолдиқлари топилган бўлиб, ҳозир ҳам уларни учратиш мумкин. Аммо бу жойлар ўтган асрнинг 70-, 80-йилларида экин майдонига айлантирилгани учун аҳоли томонидан ўзлаштирилган.
Бу ерда қадимда мискинлар, дарвешлар, қаландарлар ва сўфияр яшаган. Буни ҳозиргача сақланиб қолган қабртошлар ва ўша даврларга оид буюмлардан ҳам билиш мумкин. Ушбу топилмалар асосан милоддан аввалги II-I асрлар, милодий IV, Х-ХI ҳамда ХVI асрларга оид деб даврлаштирилган.
Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг 2023 йил 22 декабрь куни ўтказилган йиғилишида давлатимиз раҳбари Самарқанддаги Амир Темур боғларини тиклаш ва моддий маданий мерос обидаларини таъмирлаш зарурлигини қайд этганди. Ана шулар қаторида очиқ экин майдони сифатида фойдаланиб келинаётган Хончорбоғ ерларига ҳам эътибор қаратилса, халқимиз тарихи, маънавий қадриятларимизни тиклаш йўлида муҳим қадам қўйилган бўларди.
Шарифжон САХАТОВ, тарихчи.