Шероз қалъа очиқ осмон остидаги музейга айлантирилади
Булунғур туманида 19 та археологик, 6 та архитектура маданий мерос объекти рўйхатга олинган бўлиб, сайёҳлар диққатини тортадиган жойлар туризм масканига айлантириляпти. Жумладан, тумандаги Хўжа Ҳофиз Меросий зиёратгоҳи ҳамда Шероз қалъа ёдгорлигида амалий ишлар бошланган.
Эрганакли “туризм маҳалласи” бўлади
Туманнинг Эрганакли маҳалласида жойлашган Хўжа Ҳофиз Меросий мақбараси Қуръони Каримни етти қироатда ўқиган аллома номи билан боғлиқ. Ўзбекистон Фанлар Академияси Шарқшунослик институтида сақланаётган тарихий манбаларига кўра, Хўжа Ҳофиз Меросий 1475 йилда Булунғур тумани ҳудудидаги Болғали қишлоғида таваллуд топган. Мадрасаларда таҳсил олган ва Убайдуллахон хизматига кириб, бош муфтий даражасига кўтарилган. Аллома 1528 йилда Эроннинг Машҳад шаҳрида вафот этади. Васиятига кўра, ўлимидан 6 ойдан кейин Султон Убайдуллахон фармонига билан жасади Булунғур туманига олиб келиб, кўмилган.
- Хўжа Ҳофиз Меросий шоир, хаттот, диний давлат арбоби бўлиб, Қуръони каримни етти хил қироатда ўқий олган дунёдаги етти алломалардан бири, - дейди Хўжа Ҳофиз Меросий зиёратгоҳи ва Шероз қалъа ёдгорлиги раҳбари Нарзулла Қорабоев. – Аллома қолдирган мерос ва қўлёзмалар Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Институт олимлари билан ҳамкорликда Хўжа Ҳофиз Меросий васиятномасининг аслини Покистондан олиб келганмиз. Аммо унинг қаламига мансуб девонлар, шеърий асарлар ҳали тўлиқ ўрганилмаган ва таржимага муҳтож.
Султон Убайдуллахон томонидан алломанинг ҳоки қишлоққа олиб келингач, бу ер муқаддас жойга айланди. 2001 йилда халқ ҳашари билан мақбара ва масжид қурилди. 2010 йил 20 августда Хўжа Ҳофиз Меросий номи билан боғлиқ тарихий жой маданий мерос объектларининг “Диққатга сазовор жойлар” тоифасига киритилди.
Туман ҳокимининг ўринбосари Азиз Бўрибоевнинг айтишича, Эрганакли маҳалласини “Туризм маҳалласи”га айлантириш учун дастур ишлаб чиқилган ва Хўжа Ҳофиз Меросий зиёратгоҳи ҳудудида босқичма-босқич ишлар амалга ошириб келинмоқда.
- Бугунги кунга қадар зиёратгоҳга олиб борувчи 5,5 километр йўл тўлиқ асфальтланиб, 6,5 километр ичимлик суви ва 5,5 километр электр тармоқлари тортилди, - дейди А.Бўрибоев. – Шунингдек, ҳудудда яна 10 та оилавий меҳмон уйи, 2 та ўтов лагерь мажмуаси, 5 та савдо-хизмат объектини ташкил этиш кўзда тутилган.
Амир Темурнинг мудофаа қалъаси қайта тикланади
Хўжа Ҳофиз Меросий қадамжосидан қир-адирликлардан иборат Болғали қишлоғидаги Шероз қалъага ўтилади.
Амир Темур ҳарбий юришлари давомида Эронни қамал қилганда Шероз қалъасини олишда қийналади. Шу сабаб 1396-1402 йилларда Самарқандга киришда мустаҳкам қалъа бунёд этади ва уни Шероз деб номлайди.
Қалъани 20 метр чуқурликдаги Булунғур ариғи ўраб туради. Ариқнинг эни 18-20 метр бўлиб, тик ҳолатда ҳеч бир душманнинг қалъага ўтишига имконият бермайди. Қалъа атрофида 9 та булоқ бўлиб, 3 таси сақлаб қолинган. Булунғур ариғидан икки томонга ўтиш учун жуда мустаҳкам кўприк қурилган. Кўприкнинг эни тахминан 12 метр бўлиб, бу ердан “Буюк ипак йўли” ўтган.
Шероз қалъасининг умумий майдони 6-7 гектардан иборат бўлиб, туман ҳокимининг қарори билан уни асраб-авайлаш чоралари кўрилмоқда, - дейди Н.Қорабоев. – Қалъани ўраб турувчи Булунғур ариғи мўғолча “Булунғур” - “лойқа сув” деган маънони англатиб, умумий узунлиги 90 километрни ташкил этади. Шероз қалъа жуда мукаммал қурилган бўлиб, бу ерда Амир Темурнинг қароргоҳи, ҳарбий аскарлар учун ошхона ва кўплаб хоналар бўлган. Агар қалъа қамалда қоладиган бўлса, Булунғур ариғидан сув олиш учун яширин йўлдан фойдаланилган. Шероз қалъаси тарихини тўлиқ ўрганиш, қазиш ишларини олиб бориш, топилган ноёб топилмаларни реставрация қилиш, енгил конструкциялар билан ёпиш, муҳофаза қилиш, бу жойда қурилиш инфратузилмасини яратиш мақсадида 23 миллиард 500 миллион сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган.
2015-2019 йилларда Самарқанд археология институти олимлари томонидан олиб борилган қазишма ишлари давомида темурийларга оид кўплаб ашёлар, олтин, мис тангалар топилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги қарорига кўра, қалъада қазиш ишларини олиб бориш, реставрация қилиш, топилган ноёб топилмаларни сақлаш учун маблағ вилоят маҳаллий бюджети ва Маданият вазирлиги ҳузуридаги маданият ва санъат жамғармаси томонидан ажратилиши керак. Қарор билан жамғарма томонидан ўтган йил 12 миллиард сўмлик лойиҳа-смета таклифи Иқтисодиёт ва молия вазирлигига берилди.
Шу кунгача Шероз қалъасига олиб бориладиган 13 километр йўлга асфальт ётқизилди, 2,5 километр ичимлик суви, 3,5 километр электр энергияси тармоқлари тортилиб, 29 дона ёритиш чироқлари ўрнатилди. Археологик қазишма вақтида темурийлар даврига хос ноёб ёдгорликлар топилган ернинг том қисми ёпилди. Қалъа ҳудудида битта автотураргоҳ, 1,5 километр саломатлик йўлакчалари ҳамда Булунғур ариғи устига кўприк қурилди.
Маданий мерос объектларини асраш ва туризм ҳудудларини лойиҳалаштириш институтининг тарихий обидалар бўйича бош архитектори Маматқул Холиқуловнинг маълум қилишича, Шероз қалъа маданий ёдгорлигини туманнинг энг диққатга сазовор жойлари тоифасига киритиш, масканни очиқ осмон остидаги музейга айлантириб, ҳудудда Амир Темур кўприги, музейи ва аркини қуриш ҳамда сайёҳлар учун барча шароитларни яратиш бўйича лойиҳа тайёрланган. Шунингдек, Булунғур маҳалласи Амир Темур кўчасида жойлашган XIX-XX асрларга оид, илгари христиан черкови, кейинчалик “Баркамол авлод” болалар маркази сифатида фойдаланилган бинони меъморий ёдгорликларни таъмирлаш бўйича давлат дастурига киритиш режалаштирилган.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.