Мингтепада қадимий танга ва ҳайкалча топилди

Мингтепа ёдгорлиги Самарқанд шаҳридан 20 километр шимоли-шарқда, Жомбой тумани Қорамўйин маҳалласининг шимоли-ғарбида, Булунғур каналининг ўрта оқимида жойлашган.

Ушбу ёдгорлик Суғднинг VII-VIII асрларда йирик ва муҳим шаҳри бўлганлигини археологик топилмалар ва маданий қатламларнинг борлиги тасдиқлайди. Бу шаҳар сиёсий, иқтисодий ва маданий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳамда Суғд цивилизациясининг тараққиётида асосий роль ўйнаган. Шарқдан келган карвонлар Мингтепа шаҳрида тўхтаб, кейин Самарқандга кириб келган.

Мингтепа ёдгорлиги жойлашган, маҳаллий аҳоли томонидан Тўрткўлтепа деб номланадиган ушбу ёдгорлик арк, шаҳристон ва работ қисмларидан иборат. Объект маркази юмалоқ шаклда бўлиб, ўлчами 125х125 метр, баландлиги 20 метр бўлган ҳукмдор қароргоҳи жойлашган. Унга кириш шарқ томондан бўлиб, иккала ёнида иккита қўриқчи миноралари орқали кўтарма (пандус) ёрдамида кирилган.

Шаҳристон қисми ҳукмдор қароргоҳининг шимоли-шарқида жойлашган бўлиб, тўғри тўртбурчак шаклда, томонлари 400х200 метр, баландлиги 8 метрга тенг бўлган мудофаа деворлари билан ўраб олинган. Жанубий мудофаа девори ҳукмдор қароргоҳининг ғарбий қисмида жойлашган работ қисмига улашиб кетган. Ушбу девор қолдиқлари шаҳар мудофаасининг муҳим ажралмас элементи ҳисобланади.

Ўрта аср араб географлари томонидан Зарафшон дарёсининг ўнг томонида 6 та рустоқ борлиги ёзиб қолдирилган. “Рустоқ” тушунчаси бугунги кунда туман маркази сифатида тушунилади. Ушбу рустоқлардан бири Кобуд рустоқи бўлиб, археолог-олимлар томонидан Мингтепа ёдгорлиги ўрнида эканлиги манбалар ва археологик топилмалар орқали исботланган.

Кобуд рустоқи Маймурғ ва Абгар рустоқлари қатори араблардан олдинги даврларда алоҳида мавқега эга бўлганлиги айтилади. Баркат, Кобуд ва Видар шаҳарлари ўрта аср ёзма манбаларида марказий Кобуд шаҳри таркибида бўлганлиги қайд қилинган. Кейинги давр манбаларида Самарқанд беклиги бешта тумандан иборат бўлганлиги, жумладан, Абу Тоҳирхўжанинг “Самария” асарида Шавдор, Анҳор, Суғуди Калон, Офаринкент ва Кобуд туманлари тилга олинади. Зарафшон дарёсининг шимолидаги дашт ҳудуд Кобуд тумани деб аталади ва бу даштлик бошдан оёқ шимол тоғига ёндошдир. Шимол тоғи дейилганда айнан Ғўбдинтоғ тизмаси назарда тутилган.

Кобуд рустоқининг тарихий ўрни ҳақида археолог Х.Ахунбабаев ҳам бир қатор маълумотлар келтирган. Унинг ёзишича, Кобуд ҳозирги Жомбой ва Булунғур туманлари чегарасидаги Ғазира ва Қорапичоқ қишлоқларидан жанубий-шарқда жойлашган илк ўрта аср ва ўрта аср ёдгорликлари улкан мажмуасини ташкил этган Мингтепа ёдгорлиги ўрнида бўлган деган фикрларни беради.

Ғўбдин тоғининг жанубий этакларидан, Булунғур ариғининг шимолий томонидан Суғд воҳасининг “Кампир девор” номи билан машҳур бўлган мудофаа девори тоғ ва ариқ ўртасидан ғарбга томон йўналишда ўтади. Шаҳарни шимоли-шарқдан душман ҳужумига қарши мудофаа тизими ҳам табиий, ҳам сунъий равишда жуда яхши географик ҳудудда жойлашганлигини кўрсатади.

Мингтепа шаҳри 40 гектарга яқин бўлиб, дастлаб 1983 йилда археолог Х.Ахунбабаев ёдгорликнинг юза қисмидан териб олинган кулоллик идиш намуналари асосида V-XII асрлар билан даврлаган. Сўнгги йилларда Самарқанд археология институти, Япония-Киёто санъат университети ва Берлин-Бранденбург фанлар академияси илмий ходимлари билан ҳамкорликда мунтазам археологик қазишма ишлари натижасида ёдгорликнинг дастлабки бошланиш санасини милодий III асрда пайдо бўлганлигини кўрсатмоқда.

Ёдгорликни ўрганиш жараёнида милоднинг VII-VIII асрларига оид пахса ва хом ғиштдан қурилган маҳобатли уйларнинг ўрни аниқланган. Ушбу уйларнинг ўрнини очишда археолог мутахассислар кўплаб қадимги уй-рўзғор буюмлари, кулоллик идиш буюмлари ва савдо-сотиқда ишлатилган суғд ҳукмдорлари томонидан зарб қилинган мис тангалар топилган. Топилмалар орасида бир қанча танга топилмалари, Хитой Суй ёки Танг сулоласи пул бирлигига тақлидан суғд тангалари сифатида белгиланган. Бу топилмалар Мингтепанинг аксарият тангалари сингари Хитойнинг Самарқанд билан савдо алоқалари борлигини кўрсатади.

Топилган тангалар орасида бир томонида эр-хотин сурати туширилган ва суғд афсонаси билан туркий тилда “Хатун” ёзуви битилган тамға тасвирини кўриш мумкин.

Суғднинг барча ҳудудлари сингари Мингтепа шаҳри ҳам VII-VIII асрларда ривожланишнинг чўққисига етади. Унинг шимоли-шарқий қисмида 103 та илк ўрта асрларга оид ҳовлили уйлар, алоҳида зодагонларнинг ёзги қароргоҳлари, атрофи мустаҳкамланмаган оддий деҳқон уйлари, мавсумий тураржойлар қурилганлиги аниқланган.

Ҳусниддин Раҳмонов,

Самарқанд археология институти илмий ходими.