Боғишамол замонавий коллектори Самарқанд шаҳри кўчаларини сув тошқинидан асрайди

Самарқанд шаҳрини кўндалангига кесиб ўтган Боғишамол коллектори қадимий ариқлардан бири бўлиб, узунлиги 9,5 километрни ташкил этади. 1979 йилда қайтадан ковланиб, канал ҳолатига келтирилган сув иншоотида сониясига 1 куб метрдан ортиқ сув оқиб ўтади. Ариқнинг 2 километр қисми тупроқ ўзанли бўлса, қолгани бетон билан қопланган.

Икки йилдан буён баҳорда Самарқанд шаҳрининг Даҳбед, Термиз каби кўчаларида яшовчи аҳоли хонадонлари оқова сувлар тагида қолади. Айниқса, Боғишамол ариғининг Чашма, Сиёб ҳамда бошқа канал-коллекторлар билан туташган қисмидаги ўпирилишлар туфайли тўпланиб қолган кўп миқдордаги ёмғир сувлари кейинги икки йилда мутасаддиларни шошириб қўйди.

Жорий йил вилоят ҳокимининг ташаббуси билан айнан ариқлар туташадиган гидроиншоотлар очилиб, қайтадан таъмирдан чиқаришга, шунингдек, шаҳарни кесиб ўтувчи барча ариқ, канал ва коллекторларнинг муҳофаза ҳудудларини тозалашга қарор қилинди. Бунинг учун вилоят бюджетидан маблағ ҳам ажратилди.

- Мазкур коллектор шаҳримиздаги энг йирик сув ўтказгич ҳисобланади, - дейди «Самарқанд махсус сув қурилиш пудратчи» масъулияти чекланган жамияти директори Ботир Худойбердиев. – Аммо 40 йилдан буён бирор марта тозаланмаган. У маиший ва қурилиш чиқиндилари билан тўлиб қолган. Оқибатда гидроиншоотнинг ўтказувчанлик сиғими торайиб, кўчаларга ёмғир сувлари тошиб кетган. Ишчиларимиз бир ҳафта давомида коллекторни тозалаб, 100 тоннадан зиёд чиқинди олиб чиқди. Шунингдек, коллекторни ёпиб турган 9 та бетон плиталар алмаштирилди.

Қурувчилар ўн метр тупроқ остида қолиб кетган коллекторни очиб замонавий лойиҳа асосида қайтадан қурмоқда. Жами 158 миллион сўм маблағ сарфланган мазкур иншоотнинг усти тез кунларда бетон плиталар билан мустаҳкам қилиб ёпилади. Даҳбед кўчасида жойлашган иккинчи гидроиншоот ҳам худди шу йўсинда ковланиб, атрофи мустаҳкамланади. Зарурат туғилган пайтида уларнинг ичига тушиб тозалаш мумкин бўлади. Иккала ер ости коллектори тўлиқ ишга тушса, улар 1,5 миллион куб метргача оқова сувни қабул қила олиши мумкин.

Маълумки, Орзу Маҳмудов кўчасида гастрономик туризмни ривожлантириш мақсадида миллий ошхоналар тизими ташкил этиляпти. Шу сабабли Боғишамол ариғининг ушбу кўчадан ўтган қисмида шаҳарсозлик лойиҳалари асосида пиёдалар йўлакчаси ҳамда кўприклар қурилмоқда. Шунингдек, мазкур ҳудудда барпо этилаётган боғ ва хиёбонлар, яшил майдонларни суғориш учун 3 та кичик дарғатлар, яъни сув ўтказгичлар ўрнатилди. Энди ушбу ўрнатилган суғориш тизими ёрдамида Университет хиёбони ҳамда Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғи ҳам сув билан таъминланади.

Сиёбча ариғининг Мир Саид Барака маҳалласидан ўтган қисмида ҳамон «снос» ишлари давом этмоқда. Ариқ ёқасида жойлашган ноқонуний қурилмаларни бузишда вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, «Сувоқова», ер тузиш ва кадастр каби идоралар вакиллари бош-қош бўлмоқда.

- Сиёб кўчасида бешта хонадоннинг ноқонуний қурилмалари бузиб олинди, - дейди Самарқанд шаҳар уй-жой коммунал хўжалик бўлими бошлиғи Фирдавс Мамадиёров. – Аммо айрим уй эгалари тартибга риоя қилмасдан бузилган жойни яна девор билан ўраб оляпти. Шу кўчадаги 9-«А» уй эгалари эса ҳудудда ободонлаштириш ишларини олиб бораётган ишчиларга пиёдалар йўлаги қуришига халақит бермоқда.

Мазкур кўчада жойлашган 7-уй эгалари эса яна бетон қуйиш ишларини олиб бораётганлиги туфайли ариқ муҳофазаси учун ажратилган 5 метр масофа қисқармоқда. Маҳалладаги айрим хонадон эгалари бузилган жойларни тозалаш, ободонлаштириш ишларига ўз ҳиссасини қўшиш у ёқда турсин, турли йўллар билан шаҳар ҳокимлиги ва ободонлаштириш бошқармаси ишчиларига ариқни тозалашга халақит беришаётганига нима дейсиз?

- Айрим хонадон эгалари борки, ариқни ўзбошимчалик билан ҳар томонлама ўраб олган, - дейди шаҳар ободонлаштириш бўлими ирригатори Исматилло Давлатов. – Натижада эксковатор билан ариқ ёқалаб юриб тозалашга қийналяпмиз. Шунингдек, айрим фуқаролар тозалаб олинган ариққа кечаси келиб турли қурилиш чиқиндиларини ташлаб кетаётганини қандай тушуниш мумкин? Баъзилари эса эрталаб ишга кетаётганда очиқдан очиқ машинасидаги чиқинди солинган қопларни ариқнинг ичига отиб юборишади. Уйма-уй юриб тушунтириш ишларини олиб боришимизга қарамасдан барибир шу ишлар такрорланмоқда. Уларга жиддийроқ чора кўрмаса бўлмайди.

- Боғишамол ариғининг 2 километр қисми аҳоли хонадонлари жойлашган ҳудуддан ўтар экан, - дейди Нуробод маҳалласида яшовчи Раҳим Ботиров. – Жумладан, бизнинг ҳам кўчамизни кесиб ўтади. Тан олиш керак, аҳоли томонидан ташланган чиқиндилар туфайли ариқ тўлиб, сув кўчага чиқиб кетган ҳолатлар ҳам кўп бўлган. Энди бўлса, мунтазам уни тозалигини назорат қилиб, ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни бузиб, муҳофаза ҳудудини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани айни муддао бўлмоқда. Фарзандларимизга ариқни доимо тоза сақлаш кераклигини, унга турли чиқиндиларни ташламаслик кераклигини таъкидлаб келяпмиз.

Дилмурод ТЎХТАЕВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ олган суратлар.