Самарқандда наслли қорамоллар сони нечта?

Вилоятда чорвачилик йўналишида 1560 та хўжалик фаолият юритади. Шундан, 698 та қорамолчилик хўжаликларида 53 минг 271 бош чорва моллари боқилмоқда. Жорий йилда эса 100 дан ортиқ наслчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари томонидан хориждан 1 минг 826  бош зотдор чорва моллари келтирилди.

Ўзагроинспекция вилоят бошқармаси томонидан чорвачиликда наслчилик ишлари бўйича доимий равишда мониторинг-таҳлиллар ўтказилмоқда.

Жумладан, вилоятнинг Иштихон тумани ҳокимлиги томонидан қабул қилинган 2020 йилги дастурга асосан "Қиличев Баҳром" чорвачилик хўжалиги ташкил этилди. Лойиҳанинг биринчи босқичида хўжаликнинг 8 миллиард сўм ўз маблағи ва Халқ банкининг 5 миллиард сўм кредити ҳисобидан Австрия давлатидан 62 бош “Сигментал” зотли чорва моллари келтирилиб, 15 та янги иш ўрни яратилди. Лойиҳага кўра, фермер хўжалиги томонидан яна 138 бош наслли қорамол келтирилади.

Иштихон туманида фаолият юритаётган 49 та чорвачилик хўжаликларининг 6 таси наслчиликка ихтисослашган. Мазкур хўжаликлардаги 3 минг 724 бош қорамолнинг 1 минг 80 бошини наслли чорва моллари ташкил этади.

Шунингдек, Пайариқ туманидаги “Сутелло” чорвачилик фермер хўжалиги томонидан Германиядан 62 бош “Абореген Ангус” зотли гўшт йўналишидаги зотдор қорамоллар, Нуробод туманидаги “Нурбулоқ Қоракўлча чорваси” фермер хўжалиги томонидан Латвия давлатидан  106 бош наслли қорамол олиб келинди.

Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси ахборот хизмати.

Таҳририятдан: вилоят статистика бошқармаси маълумотларига кўра, Самарқандда 834 та чорвачилик йўналишидаги фермер хўжалиги фаолият юритади. Уларнинг 110 таси наслчилик хўжаликлари ҳисобланади. Бу хўжаликларда 1 миллион 586 минг бош чорва моллари боқилмоқда ва шундан 65 мингдан ортиғини наслли қорамоллар ташкил этади.

Икки ташкилотда икки хил рақам бўлса, қайси бирига ишониш керак?