Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Амир Темур барпо қилган қудратли салтанат ҳамда Самарқандда ташкил қилган боғлари ҳақида биласизми?

Амир Темур 1360 йилдан 1370 йилга қадар Мовароуннаҳрда тинчлик ўрнатиш, мўғулларнинг тазйиқлари ва бу ердаги талончиликларига барҳам бериш учун жанг олиб борди. Ниҳоят, 1370 йил Самарқандда йирик қурултой чақирди ва Темурийлар давлатига асос солди.

Соҳибқирон ўз ҳукмронлиги даврида бирор марта енгилмади. Унинг давлати пойтахти Самарқанд бўлиб, у ўша даврнинг энг гўзал ва маданият маркази ҳисобланган, дунё сайқали ҳисобланмиш шаҳар эди. Ўша давр дунёда мавжуд халқлар ва давлатларнинг катта қисми Амир Темур ҳокимиятини тан олишган. ХIV-ХV аср бошларида ер юзида Амир Темурдек қудратга эга ҳукмдор йўқ эди.

Бу даврда Амир Темур жуда кўп бунёдкорлик ишларини олиб борди. Манбаларда унинг 200 та саройи борлиги, шундан 18 таси Самарқандда, 15 таси Кешда ва бошқа ҳудудларда эканлиги айтилади. Хусусан, Самарқандда Кўксарой, Бўстонсарой, Бибихоним Жоме масжиди, Руҳобод, Амир Темур ва Темурийлар мақбараси ва бошқалар бўлган.

Амир Темур давлатни бошқаришга катта эътибор бериб, янги давлат тизими бўйича Девони бузругдан ташқари, ҳар бир вилоятда Девон деб аталувчи бошқарма тузган. Бу бошқармалар солиқ йиғиш, тартиб сақлаш, ижтимоий бинолар — бозорлар, ҳаммомлар, йўллар, суғориш тармоқларига қараб туриш ва аҳолининг хулқий-ахлоқий ҳаракатларини назорат остига олиш каби ишлар билан шуғулланган. Ҳар бир Девонда кирим-чиқимларни ҳисобга олиш, қайд этиш олиб борилган. Шаҳарлар ва шаҳар атрофи аҳолисидан на жон солиғи ва на бож олинарди. Бирорта ҳам аскарнинг доимий туриш учун шахсий кишилар уйини эгаллашга ёки фуқароларнинг молини ва бойлигини ўзлаштириб олишга ҳақи йўқ эди.

“Барча ишларда,— деган эди Амир Темур,— бу ишлар қайси ўлка халқига тааллуқли бўлмасин, ҳокимларнинг адолат томонида қаттиқ туришларига буйруқ берилган. Қашшоқликни тугатиш мақсадида бошпаналар ташкил қилдимки, камбағаллар улардан нафақа олиб турардилар”.

 Соҳибқирон даврида Турон замини дунёнинг энг ривожланган, фаровон ва обод масканига айланди. Самарқанд жаҳон савдо марказига айланиши билан бир қаторда, жаҳон дипломатияси марказларидан бири сифатида эътироф этилди. Дунёнинг турли минтақаларидан элчилик карвонлари ташрифи кўпайиб борди. Соҳибқирон томонидан шаҳар атрофида боғлар барпо этилиб, улардаги ёзги сарой ва кўшкиларда халқаро элчилик тадбирлари амалга оширилган. Тарихий манбаларда, дипломатик ёзишма ва эсдаликларда Амир Темур томонидан барпо этилган боғлар ҳақида жуда ижобий фикрлар билдирилган. Мазкур боғлар ҳақида маълумотларни ўрганиш бугунги кунда ҳам маҳаллий ва хориж оммасини қизиқтириб келмоқда.

Боғибаланд. Соҳибқирон Самарқанд шимолидаги Чўпон ота мақбараси яқинида (ҳозирги аэропорт атрофи) набираси (Мироншоҳнинг қизи)га атаб қурдирган. Уни барпо қилишда Эрон, Озарбайжон ва бошқа мамлакатлар боғчилик санъати усталари ҳамда меъморлари қатнашган. Боғ ўртасида Табриз оқ мармаридан қурилган ҳашаматли қаср бўлиб, унинг атрофидаги узумлар, анжирзор ва олмазорлар боққа гўзал бир тароват бахш этиб турган.

Боғибеҳишт. 1378 йилда Соҳибқирон Самарқанднинг ғарбида суюкли хотини Хайринисога атаб қурдирган. Айрим ёзма манбаларда “Боғи Жаннат” номи билан аталади. Боғ ўртасидаги атрофи ҳандақ билан муҳофаза этилган сунъий тепалик устида Табриз оқ мармаридан қурилган ҳашаматли сарой бўлган. Саройга бир неча кўтарма кўприклар орқали кирилган. Бу боғнинг бир тарафида ҳайвонот боғи бўлиб, турли хил ҳайвонлар сақланган.

Боғи Дилкушо. (Кўнгил очувчи боғ) 1397 йилда Амир Темур хотинларидан бири Тукалхоним шарафига қурилган. Бу боғ Самарқанддан 5 километр шарқда, Панжакент йўлининг ўнг томонида (қадимий Ғиждувон қишлоғи ўрнида) жойлашган. Ҳар тарафи 900 метр узунликдаги баланд пахса девор билан ўралган. Боғнинг тўртта дарвозаси марказида ҳашаматли сарой бўлган. Сарой уч қаватли бўлиб, ҳар қаватида фаввора отилиб турган. Сарой деворларига Соҳибқирон олиб борган урушлардан лавҳалар чизиб қўйилган. Бу боғ ўрнида ҳозирги кунда Дилкушо қишлоғи жойлашган.

Боғи Жаҳоннома (Жаҳон кўзгуси). Амир Темур Самарқанддан етти фарсах (42 км) нарида, Зарафшон тоғи этагида қурдирган (тахминан Ургут туманида). Унда сарой ва қалъа бўлган. Боғнинг ҳудуди жуда ҳам катта бўлиб, йўқолиб қолган от 6 ойдан сўнг топилган экан.

Боғи Майдон. Чўпонота тепалиги этагида, Самарқанднинг шимолида жойлашган. Тарихий манбаларга қараганда, боғда ҳашаматли бир айвон (кўшк) ва қимматбаҳо тошлардан ясалган тахт бўлган. Амир Темурнинг невараси Мирзо Улуғбек бу боғни янада обод қилган. Бу боғ ўрни ҳозир ҳам Боғи Майдон деб аталади.

Боғи Нав (янги боғ). Бу боғни 1404 йилда Амир Темур Самарқанднинг Жанубида қурдирган. Лолазор қишлоғи ўрнида жойлашган. Бу боғ тўртбурчак шаклида бўлиб, атрофи баланд пахса девор билан ўралган, ҳар бурчагида минора қад кўтариб турган. Марказида бошқа боғлардагига нисбатан каттароқ қаср, унинг олдида катта ҳовуз бўлган.

Боғи Чинор. Амир Темур Самарқанднинг шарқида (Конигилнинг жанубий-ғарб тарафида, ҳозирги Қўштамғалик тепалиги ўрнида) барпо қилдирган. Унда ажойиб чинорлар кўп бўлган. Боғнинг марказида сарой жойлашган.

Боғи Шамол. Амир Темур 1397 йилда набираси (Мироншоҳнинг қизи)га атаб қурдирган. Бу боғ Самарқанднинг ғарбида бўлган. Ундаги сарой тўртбурчак шаклида бўлиб, ҳар томони 1500 қадамни ташкил қилган. Деворларига мармар қопланиб, саҳни қораёғоч ва фил суягидан ишланган. Бу боғ жойлашган ҳудуд ва у ердаги ариқ ҳозир ҳам Боғи Шамол деб аталади.

Амир Темур бобомиз Самарқанд атрофида булардан ташқари, яна бир қанча боғ ва саройлар барпо этган.

Гулбоғ. Самарқанднинг жануб томонида, Тахти Қорача довони яқинидаги боғ. Шарафиддин Али Яздийнинг маълумотига кўра? боғ 1398 йилда барпо қилинган. Муаррих ёзади: “Ҳазрати Соҳибқирон бир неча кундан сўнг (Самарқанддан кўтарилиб), азимат жиловини Кеш томон жўнатди. Бу йўлда бир тоғ борки, ундан Самарқандгача қарийб етти фарсаҳ келади. Унинг бошланишида бир анҳор оқади. Дарёдек сахий ва осмондек шавкатли подшоҳона ташриф шуъласи у тоққа тушди. Оламни тартибга келтириб равнақ бериш борасида ҳимматининг зўрлиги туфайли иморат қуришга яроқли ҳар бир жойнинг зое кетишини раво кўрмайдиган, мамлакатларга оро берувчи раъй бу мавзеда бир боққа асос солишга фармон берди, токи бу чучук сувли анҳор у жаннат асарли бўстонда “унинг тагида анҳор жорийдир” деган ояти каримани эслатиб турсин. Боғ ўртасида воқе бўлган кўпҳора устида эса бир қаср қуришни буюрди. Бажарилиши вожиб бўлган бу амр ижро этилиб, қаср қурилиши битгач, унга “Тахти Қорача” деб ном берилди”.

Дарҳақиқат, боғни ўз кўзи билан кўрган Клавихо уни шундай тасвирлайди: “Боғнинг атрофи пахса девор билан ўралган бўлиб, девор айланаси тўла бир лига (лига – испанча узуник ўлчови бўлиб, 5572 метрга тўғри келади) келар эди. Боғда пўртаҳол (апельсин) ва лимудан тортиб, ҳар хил мевали дарахтлар бор эди. Боғда олтита ҳовуз бўлишига қарамай, боғни кесиб ўтган анҳор оқиб туради. Ҳовузларнинг биридан иккинчисига баланд ва катта сояли дарахтлардан бамисоли йўл солинган. Бу яшил йўллар ўртасидан баландликка томон кўтарилган худди шундай сўқмоқлар бутун боғ бўйлаб ўтган. Бу йўлдан яна қиялаб бошқа йўллар ўтказилган. Ундан яна бошқалари тармоқлаб кетган. Хуллас, бу йўллардан юриб, бутун боғни томоша қилиш мумкин эди”. Ҳозир бу боғнинг ўрнида Гулбоғ қишлоғи мавжуд.

Боғи Бўлду. Самарқанд шарқида барпо бўлган боғ. Мирзо Бобур ёзадики: “(Темурбек) Самарқанднинг шарқида икки боғ солибтур, бириким йироқроқтур, Боғи Бўлдудур, ёвуқроғи (яқинроғи) Боғи Дилкушодир”. В.Вяткин қадимий Самарқанд топографиясига оид мақоласида Боғу Бўлдуни Боғи Дилкушога яқин ердаги Қўрғонча қишлоғида бўлган, деб маълумот беради. Ў.Алимовнинг текширишлари натижасида боғнинг Панжакентга кетадиган йўлнинг ўнг томонида, Боғи Дилкушодан бир ярим километрча нарида жойлашганлиги аниқланган.

Боғ номи хусусида фикр юритганда айтиш жоизки, “Бўлду” калимасини айримлар “камолотга етган, етук, кам-кўстсиз”, бошқалар эса “фаровонлик, мўлчилик” маъносига эга деб кўрсатадилар. В.Радловнинг турк шевалари луғатида бу сўз “бадавлат” маъносини билдиради деб қайд этилган. Шунга кўра, Боғи Бўлду “тўкин боғ” маъносига эга. Бу боғни 1398-1400 йилларда барпо этилган, деган тахминлар бор.

Боғи Нақши Жаҳон. Чўпонота тепалигининг жанубий этакларида бунёд этилган боғ. Айрим тадқиқотчилар Боғи Нақши Жаҳон Амир Темур қурдирган дастлабки боғларнинг бири, деб ҳисоблайдилар. “Нақши Жаҳон” сўзи “дунё безаги” маъносини билдиради. Мирзо Бобур ёзади: “(Темурбек) яна Пуштаи Кўҳак доманасида, Конигилнинг қора суйининг устидиким, бу сувни Оби Раҳмат дерлар, бир боғ солибтур, Нақши Жаҳонға мавсум. Мен кўрган маҳалда бу боғ бузулуб эрди, оти беш қолмайдур эди” (яъни, номидан бошқа ҳеч нарсаси қолмаган эди).

Боғи Давлатобод. Самарқанд жанубида, Термиз йўлининг ёқасида, Боғи Дилкушо билан Боғи Жаҳоннамо оралиғида барпо этилган боғ. Темурийлар даврига оид вақф ҳужжатларига кўра, боғ Дарғом ариғи билан Шовдор ариғи яқинида бўлган. Ҳарбий юришлардан қайтган жаҳонгир шу боғда тантанали маросимлар ўтказган, элчиларни қабул қилган. Хусусан, Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома” асарида Амир Темур 1399 йили Ҳиндистон юришидан қайтаётиб, Боғи Жаҳонномада ором олгандан сўнг Давлатобод боғига, у ердан Боғи Дилкушога келганини ҳикоя қилади. Ў.Алимовнинг ёзишича, боғдаги сарой баланд тепалик устида қурилган бўлиб, шимол тарафдан Дарғом ариғи ҳамда Самарқанднинг гўзал манзаралари, жануб тарафидан эса Қоратепа тоғлари кўриниб турган. Шарқ тарафидан қишлоқлар, ғарб томондан эса бепоён далалар ўраб турган.