Озарбайжон ва Арманистон янги келишувга эришди
Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жайхун Байрамов ва Арманистон ташқи ишлар вазири Зограб Мнацаканян АҚШ давлат котиби ўринбосари Стивен Биган билан учрашув ўтказди. Учрашув якунларига кўра, Тоғли Қорабоғ ҳудудида гуманитар сулҳ эълон қилинди. Бу ҳақдаги қўшма баёнот Америка давлат департаменти сайтида чоп қилинди.
Ўт очишни бекор қилиш режими 26 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 8:00 (Тошкент вақти билан 9:00) кучга кирди.
“Озарбайжон ва Арманистон Тоғли Қорабоғ зиддиятини ечиш учун тинч йўл билан музокара олиб боришига, ташқи ишлар вазирлари (Озарбайжон ва Арманистон) ва ЕХҲТнинг Минск гуруҳи ўртасида доимий алоқалар ўрнатишига Қўшма Штатлар кўмаклашди”, дейилган баёнотда.
Томонлар 1 октябрь куни ЕХҲТнинг Минск гуруҳи томонидан Қорабоғ бўйича тақдим этган баёнотига мувофиқ, 10 октябрь куни Москвада эришилган келишувга амал қилишларини тасдиқлади.
АҚШ давлат котиби Майк Помпео ўзининг Твиттер саҳифасида таъкидлашича, томонлар ўт очиш режимига амал қилиш мажбуриятини олганликларини тасдиқлаган.