“Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла”ларда ишлар бошланди
Жорий йил вилоятимиздаги 28 та маҳаллага “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” мақоми берилиб, уларнинг ҳар бирига 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилмоқда. Бу орқали маҳаллаларда аҳолининг яхши яшаши ва тадбиркорлик билан шуғулланиши учун зарур шароитлар яратилади.
Давлатимиз раҳбарининг “Алоҳида туман ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида туташ маҳаллаларни боғловчи марказ вазифасини бажарадиган, йирик автомобиль йўллари ёки чегара ҳудудларига яқин жойлашган, аҳолиси зич ва кўп, инфратузилмаси тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай бўлган ҳудудлар танлаб олиниши белгиланган.
Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Пайариқ тумани бўлими бошлиғи Зоир Турдевнинг маълум қилишича, “Ислоҳотлар штаби” ходимлари ҳамкорлигида тумандаги маҳаллаларнинг инфратузилмаси, ишсизлик даражаси ва иқтисодий имкониятлари таҳлил қилиниб, қарорда белгиланган талаблар асосида Ўзбекистон, Чоштепа ҳамда туман ҳокими ташаббуси билан Баҳор маҳаллалари Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла сифатида танланди. Ички йўлларни асфальтлаш, пиёда ва саломатлик йўлакларини барпо этиш, электр, ичимлик ва суғориш сув тармоқларини яхшилаш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтириш, саноат зоналари ташкил этиш ишлари бошланган.
– Туманимиздаги Хўжа Исмоил, Халқобод, Элназар ва Зарафшон маҳаллалари ҳудудимизга туташган бўлиб, бу ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай имконият яратади, – дейди Чоштепа маҳалласи раиси Ҳусан Ғаниев. – Маҳалламиз асосан деҳқончилик ва чорвачиликка ихтисослашган. Президент қарорига мувофиқ, маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш мақсадида бу йил 5 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда ва туризмни ривожлантириш қўшимча драйвер сифатида белгиланди. Маҳалламиз яқинда очилган Имом Бухорий мажмуасидан тахминан 4 километр масофада жойлашган. Шу боис зиёратгоҳга келувчи сайёҳлар учун қулайлик яратиш мақсадида бу йил хизмат кўрсатиш нуқталари ҳамда оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш режалаштирилган. Бунинг учун ҳудудда зарур шароит ва ташаббускор тадбиркорлар ҳам бор.
– Маҳалламиз туман марказидан 14 километр узоқликда жойлашган бўлиб, бешта маҳаллани боғлайди, – дейди Ўзбекистон маҳалласи раиси Умрзоқ Жўраев. – Қарийб олти минг аҳоли истиқомат қилади. Ички йўлларни асфальтлаш, пиёдалар ва саломатлик йўлакларини барпо этиш, электр, ичимлик суви ҳамда суғориш тармоқларини яхшилаш учун 5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Лойиҳа доирасида маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорликда савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, чой қадоқлаш фабрикаси, ўқув маркази ҳамда кафелар ташкил этиш кўзда тутилган. Муҳими, бу лойиҳалар ишга тушурилиши натижасида инфратузилма яхшиланиб, тадбиркорлик салоҳияти ортади ва юздан зиёд доимий иш ўрни яратилади.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.