"Ёшлар пресс клуби"нинг навбатдаги сессияси Самарқандда ўтказилди

Кеча Самарқандда Самарқанд вилояти ҳокими, 1-сектор раҳбари Эркинжон Турдимов, вилояти прокурори, 2-сектор раҳбари Равшан Машарипов, ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3-сектор раҳбари Шавкат Раҳмонов, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Aловиддин Инағомов ва ёшлар иштирокида "Ёшлар пресс клуби" сессияси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев иштирокида 2020 йил 25 декабрь куни бўлиб ўтган “Ёшлар форуми” ва шу йил 27 январь куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган пресс-клуб мунозарали, савол-жавобларга бой тарзда ўтди.

Тадбирга ҳар бир туман ва шаҳардан 2 нафардан муаммолари мавжуд ёшлар ҳамда стартап лойиҳаларини амалга ошириш истагида юрган фаол йигит-қизлар таклиф этилди.

Сектор раҳбарлари журналист ва блогерларнинг саволларига жавоб бериш билан бирга ёшларнинг муаммо ва таклифларини диққат билан тинглаб, ечимини топиш чоралари кўрди.

- 2020 йилда "Ҳоким ва ёшлар" учрашувида вилоят ҳокимидан самарқандлик ижодкор ёшларнинг тўпламини чоп этишга ёрдам сўрагандим, - дейди Аббос Шодмонқулов. – Бугунги тадбирда, аввалги мурожаатим ҳал этилгани учун ташаккур изҳори сифатида чоп этилган “Илк қадам” номли китобимизни тўрт сектор раҳбарига совға қилдим. Шунингдек, бепул тўгараклар, мушоиралар, китобхонлик кечалари ўтказиладиган, умуман, ёш ижодкорларни бирлаштирадиган клуб ташкил қилиш таклифини ўртага ташладим. Раҳбарлар бу таклифимни ҳам маъқуллашди. 

Тадбир давомида 27 та мурожаат тингланди ва уларнинг ечими бўйича шу ернинг ўзида мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

Пресс клуб сўнгида йигит-қизларга китоблар совға қилинди ва ёшлар сектор раҳбарлари билан эсдалик учун суратга тушишди.

Дилдора Муҳаммадиева.