Ватанни улуғлаш ва улуғлаттиришга ундовчи асар
Таниқли тарихчи ва археолог олим Амриддин Бердимуродовнинг “Ватан ҳаққига муножот” асари нашрдан чиқди (Тошкент шаҳри, “Adabiyot” нашриёти, 2020 йил).
Муаллиф воқеий ҳикоя ва эсселардан иборат ушбу китобида ватанимиз тарихининг аянчли, ўкинчли, армонли даврларини катта изтироб билан ифодалаган. Асарни ўқир экансиз “Нега биз осонгина Ватанни босқинчиларга бериб қўйдик?” деган оғриқли саволга жавоб излаганига гувоҳ бўласиз. Айниқса, китобдаги “Олтин Ўрда шаҳарларига саёҳат”, “Маёққа айланган дўппи”, “Парижда яшаган Темурийзода”, “Римда пиширилган палов”, “Германия саргузаштлари”, “Лондонга ташриф”, “Япон олимаси билан учрашув” каби ҳикоялари негизида муаллифни айнан шу савол жавоби қийнаганини эътироф этиш мумкин.
Олим китоби хотимасида “Ушбу рисоламни фақат бир ниятда, табаррук Ватаним – Ўзбекистонни улуғлаш ва улуғлаттириш, севиш ва севдириш, қадрлаш ва қадрлаттириш учунгина ёздим”, дейди. Бунинг моҳиятини тўла англаш учун китобни ўқинг, ҳузур қиласиз ва оталаримиздан қолган тарих қалбингизда фахрланиш ҳиссини уйғотади.
Акрам БЎРИЕВ.