100 йиллик тарихга эга, 100-мавсумини бошлаган Каттақўрғон драма театри карантинда ҳам спектакль саҳналаштирди
- Театр - тарбия маскани. Каттақўрғон драма театри ҳам республикамиздаги отахон театрлардан бири, - дейди мазкур театр директори Ботир Тугалов. - Унинг ўзига хос тарихи, босиб ўтган йўли бор. Биз эса ортга назар ташлаб, боболаримиз қолдирган маънавий меросимизни асраб-авайлашимиз, уни янада тараққий эттиришимиз лозимлигини ҳис этамиз. Театримизни ташкил этишда истеъдодли шоир, театр ташкилотчиларидан бири Абдулҳамид Мажидийнинг хизматлари катта бўлган. У кишининг “Туркистон” газетасида босилиб чиққан “Каттақўрғонда саҳна ишлари” танқидий мақоласидан сўнг театр труппасига эътибор берилди ва бир гуруҳ ёшлар жалб этилди.
1921 йил 15 январда Зиё Саид ва Мўмин Муҳаммаджонов қаламига мансуб “Қонли кун” спектакли билан Каттақўрғон драма театрига асос солинган.
- Бу ерда таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг мактаби яратилганлигини соҳа ходимлари кўп бор айтишади...
- Дарҳақиқат, Ўзбекистон халқ артисти, таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев ўзининг санъатдаги илк қадамларини биздан бошлаган. Таниқли театршунос олим Шуҳрат Ризаев таъкидлаганидек, Баҳодир Йўлдошев бу ёруғ дунёда неча йил яшаётган бўлса, шунча йилдан бери ҳаёти театр билан боғлиқ. Туғилибдики, театрда кўкрак эмиб, театрда тетапоя бўлиб, театрда улғайди. Айниқса, уч ёшга тўлар-тўлмас онаси Ширин Мелиева Каттақўрғон театрига директор этиб тайинлангач, ётари ҳам, турари ҳам театр бўлиб қолди. Секин-аста ёш болалар образи бўлган спектаклларда роллар ижро эта бошлаган. Кейинчалик режиссёр сифатида асарлар саҳналаштирган. Унинг илк ижодий иши Михаил Лермонтовнинг “Маскарад” шеърий драмаси еттинчи синфда ўқиб юрган пайтларида Каттақўрғон шаҳар маданият уйи қошида очилган театр студиясида саҳналаштирилган.
- Кейинги йилларда театрларда яхши спектакллар қўйилса-да негадир томошабин кам.
- Яширмайман, ҳозирда театрга одамларнинг эътибори биз кутган даражада эмас. Аммо театр аҳли ижоддан тўхтагани йўқ. Ҳар мавсумда янги спектакллар саҳналаштириляпти. Аксарият театрларимизнинг бугунги кунда олдида турган асосий муаммоларидан бири ҳам томошабинни театрга қайтариш. Менимча, бунинг учун оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадга мувофиқ. Спектаклларнинг мазмун-моҳияти бўйича қисқа лавҳалар тайёрлаш, яхши мақолалар чоп этиш керак. Одамлар гавжум жойларга қисқа роликлар жойлаштириш ҳам яхши самара беради. Жорий йилнинг биринчи чорагида репертуаримиздаги “Эрта қайтган турналар”, “Тошпўлат тажанг нима дейди”, “Нисо холанинг ҳисоби”, “Имом Бухорий” каби спектаклларни вилоят мусиқали драма театри ва вилоят рус драма театрида бепул намойиш этдик. Бир кун келган томошабин иккинчи куни яна бир яқин дўстини бошлаб келди. Бундай ижодий сафарлар актёрларимиз учун ҳам тажриба ва малака оширишга имконият яратди.
- Карантин сабаб театрлар фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. Аммо ижод тўхтади, дегани эмас. Айрим театрлар репертуаридаги спектаклларни ижтимоий тармоқларда онлайн намойиш этган бўлса, баъзилари телеканаллар орқали энг сара асарларини мухлисларга ҳавола этди.
- Актёр спектаклдаги образини 90 фоиз ўз устида мустақил ишлаб, 10 фоизини саҳнадаги ижроси орқали яратади. Карантин даврида актёрларимиз Шароф Бошбековнинг тақдимоти кутилаётган “Тентак фаришталар” асари устида масофадан туриб ишлади. Ҳар йили республикамиздаги 39 театрдан бир нечтасига давлат буюртмаси асосида спектакль саҳналаштириш имконияти берилади. Бу йил бизга мана шундай имконият яратилди. Карантинда Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достони асосида истеъдодли режиссёр Ғофур Мардонов томонидан “Баҳром ва Дилором” пьесаси масофадан туриб онлайн саҳналаштирилди. Режиссёр билан олдин ҳам Чингиз Айтматовнинг “Эрта қайтган турналар” спектаклида бирга ишлаганмиз. Ҳар бир актёрнинг ижро маҳоратини яхши билган режиссёр масофадан ролларни тақсимлаб, ижро маҳоратини ошириб борди. Ёш драматург Сардор Ҳамроевнинг “Қайтиш” асари асосида адашиб жиноят йўлига кирган, қилмишидан чин дилдан пушаймон кишиларнинг жазо муддатини ўтаб бўлгандан кейинги ҳаёти, уларнинг Ватан олдидаги бурчини адо этиши ажойиб талқин этилган спектакль саҳналаштирилди. Шунингдек, карантин даврида 5 та спектаклимиз “Маданият ва маърифат” телеканалида намойиш этиб келинмоқда.
- Бу йил 100-мавсумни қарши олаётган театр жамоаси олдида қандай вазифалар турибди?
- 30 кишидан иборат актёрларимизнинг ҳар бири бир олам. Кўпчилиги эътирофга сазовор бўлган. Аввало, театрнинг тарихи ва бугунги куни ҳақида ҳужжатли фильм ҳамда китоб нашрга тайёрлаяпмиз. Архивимиз фондида сақланиб келинаётган фотосуратлар, афишалар, театр жиҳозлари, 100 йиллик спектакль жараёнидан чизмалар асосида музей ҳам ташкил этмоқчимиз. Маданият вазирлиги томонидан 2 миллиард 250 миллион сўм саҳна жиҳозлари, мониторлар, ёриткичлар, овоз кучайтиргичлар учун маблағ ажратилиши белгиланган. Шунингдек, театримизда ходимлар учун кутубхона, овоз ёзиш студияси, ошхона, тренажёр зал ҳамда тикувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйишни режалаштиряпмиз. Чунки театр либосларини тикиш учун ихтисослаштирилган цехлар вилоятимизда мавжуд эмас. Бунда тикувчилар актёрлар ва рассомлар билан ишлаган ҳолда образларнинг либосларини тикишади, маблағ тежалади. Чет элга ижодий сафарлар, мўъжазгина кутубхона, республикамизда таниқли, истеъдодли режиссёр ва актёрлар билан ҳамкорликда спектакллар саҳналаштирамиз.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА суҳбатлашди.