Самарқандда 24 нафар фуқаро “хот-дог”дан заҳарланган
Жорий йилнинг 7 октябрь куни соат 14:10 дан 8 октябрь соат 22:00 га қадар Самарқанд вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 24 нафар фуқаро кўнгил айниши, қайд қилиш, бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, ич кетиши, ошқозон соҳасида оғриқ, тана ҳароратининг кўтарилиши каби шикоятлар, овқат токсикоинфекцияси бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Жорий йилнинг 6 октябрь куни соат 13:00 ва соат 17:30 лар оралиғида барча беморлар Самарқанд шаҳар Сиёб деҳқон бозори ҳудудида жойлашган «Бахтиёр» МЧЖга қарашли хот-дог тайёрлаш шохобчасидан хот-дог ва шаурма маҳсулотларини харид қилиб, истеъмол қилишган.
«Бахтиёр» МЧЖга қарашли хот-дог шохобчасида ўрганиш ўтказилганда, у ўз фаолиятини тўхтатганлиги ва хот-дог маҳсулотлари мавжуд эмаслиги аниқланган.
Самарқанд шаҳар ДСЭНМда мазкур хот-дог шохобчаси атрофидаги хонадонларда хот-дог ва шаурма маҳсулотларини харид қилиб, истеъмол қилган фуқароларни аниқлаш, тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида тиббий ходимларини жалб этган ҳолда уйма-уй кўриклар ташкил этилган.
«Бахтиёр» МЧЖда бир кунлик муддатда текшириш ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига тегишли ҳужжатлар тўпланиб, буюртма тайёрланган.
Беморларнинг аҳволи, лаборатория таҳлил натижалари, якуний ташхис ҳамда ўтказилган профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар тўғрисида қўшимча ахборот тақдим этилиши маълум қилинган.