Биз қандай гўштни истеъмол қиляпмиз?
Биз сотиб олаётган гўшт санитария талабларига қанчалик жавоб беради? Ошхонаю тўйхоналарда, болалар боғчаларида овқатга солинаётган гўштнинг сифатини ким текширган? Сўйилган ва гўшти сотилаётган ҳайвоннинг касал бўлмаганлигига ким кафолат бера олади? Ишлаб топаётган пулимизни сарфлаб, гўшт билан бирга касалликни ҳам сотиб олмаяпмизми, оиламиз аъзоларининг ҳаётини хавфга қолдирмаяпмизми?
Замонавий кушхона зарур эди, Қурилди. Аммо...
Минг афсуски, қатор йиллар давомида ушбу саволлар бизни умуман қизиқтирмади. Деярли ҳар куни истеъмол қиладиган маҳсулотимизнинг сифати ва келиб чиқишига бефарқ бўлдик. Натижада касал, ҳаром ўлган моллар гўштидан ташқари, биз учун истеъмоли ножоиз саналган эшак ва бошқа ёввойи ҳайвонлар гўшти ҳам сотувга чиқарилганлиги, умумий овқатланиш тармоқларига тарқатилганлиги ҳақида оммавий ахборот воситаларида бир неча марта хабарлар эълон қилинди.
Мамлакатимизда ана шундай салбий ҳолатдан қутулиш учун кенг қамровли амалий ишлар қилинаётганлиги таҳсинга лойиқ. Чорва молларини сўйиш учун замонавий кушхоналар қуриш, гўштни сотувга чиқаришдан олдин уни ветеринария кўригидан ўтказиш талаби ҳаётга тадбиқ этила бошланди.
2015 йилнинг апрелида Вазирлар Маҳкамаси республика ҳудудида чорва молларини автоматлаштирилган равишда сўйиш ва терига бирламчи ишлов бериш бўйича "мини комплекслар"ни ташкил этиш юзасидан амалга оширилиш лозим бўлган вазифаларни муҳокама қилиб, қатор тадбирлар белгилаган эди. Ушбу муҳим вазифаларни зудлик билан ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида республика ишчи гуруҳи тузилиб, унинг зиммасига "мини комплекслар"ни ташкил этиш бўйича лойиҳалар ижросини таъминлаш ва муаммоларнинг ечимида ёрдам кўрсатиш вазифаси юклатилди.
Самарқандлик тадбиркор Шерали Тошпўлатов юзага келган имкониятдан фойдаланиб, ўша йилнинг ўзида чорва молларини сўйишга ихтисослашган замонавий кушхона қуриш ҳаракатини бошлаган эди. У шу мақсадда "Самарқанд сифат гўшт савдо" МЧЖ ташкил этди. Корхона икки йил ичида Самарқанд шаҳрининг Конигил мавзеси ҳудудида 2,5 миллиард сўмлик кредит маблағлари эвазига барча қулайлик ва шароитга эга замонавий кушхона бунёд этди. Жиҳозлар Туркиядан олиб келинди. Кушхона бир кеча-кундузда, яъни икки сменада 150 бош қорамол ва 300 бош қўй сўйишга мослаштирилган.
Корхонани айланиб чиқиб, ундаги иш жараёни билан яқиндан танишиб, кушхоналар ҳақидаги аввалги тасаввурим умуман ўзгарди. У ҳар куни ишлаётганлигига қарамасдан, бино ичи тоза ва озода эди. Қорамолни бино ичига олиб кириб, уни сўйиб, музлатгич камерасига жойлаштиришгача бўлган жараённи кузатдим. Ушбу жараён давомида сўйилган мол танасини умуман ерга тегизмасдан, махсус мосламалар орқали ҳаракатга келтирилар экан. Тана катта бўлакларга бўлиниб, музлатгичга жойлаштирилишидан олдин ветеринария кўригидан ўтказилади. Агар гўшт истеъмолга яроқли деб топилса, сўйилган мол танасига муҳр босилади ва сотишга рухсат берувчи маълумотнома тақдим этилади.
Мол сўйишдан олдин ҳам махсус текширувдан ўтказилади. Агар унинг тана ҳарорати баланд ёки паст бўлса ёки унда бирор касаллик аниқланса, зарур чора кўрилади. Касали жиддий бўлмаса, кушхонада алоҳида жойда бир неча кун мутахассис ветеринар кузатуви остида сақланади ва тузалганидан сўнг сўйишга рухсат берилади. Жиддий касалга учраган мол сўйилиб, юқори ҳароратда ишлайдиган махсус камерали муфель печига ташлаб, йўқотилади.
Демак, "Самарқанд сифат гўшт савдо" МЧЖ ва унга ўхшаш замонавий кушхоналарда сўйилган мол гўштини бемалол қўрқмасдан истеъмол қилса бўлади. Аммо...
Чорва молларини янги кушхоналарда сўйишни йўлга қўйишга нима халақит бермоқда?
– Катта маблағ сарфлаб қурган корхонамизни 2017 йилнинг апрель ойида фойдаланишга топширганимизга қарамасдан, бир йилдан кўпроқ вақт давомида деярли ишламадик. Қассоблар эскича ишлашни афзал кўриб, истаган жойда чорва молларни сўйишни давом эттиришди. Амалга оширган тарғибот ишларимизнинг фойдаси бўлмади. Табиий газ, электр энергияси, сув учун тўлайдиган маблағни топиш муаммога айланди, – дейди Шерали Тошпўлатов.
Бундай аҳвол фақат ушбу корхонага эмас, мамлакатимизда қуриб фойдаланишга топширилган автоматлаштирилган мажмуалар билан жиҳозланган чорва молларини сўйишга ихтисослаштирилган 33 та кушхонага ҳам тегишли экан. Буни давлат ветеринария қўмитаси ва "Ўзчармсаноат" уюшмаси томонидан вилоят ҳокимликлари ва қатор ташкилотларга 2018 йил 9 ноябрда юборган мактубидаги қуйидаги жумлалардан ҳам билиб олса бўлади: "Жойларда чорва молларини сўйиш асосан ветеринария ва санитария талабларига мутлақо жавоб бермайдиган, сўйишдан олдинги ва кейинги жараёнлар тартибга солинмаган, гўшт ва терини сақлаш шароитлари бўлмаган, эски тартибда қурилган, нисбатан арзон кушхоналарда амалга оширилиши натижасида замонавий ихтисослаштирилган кушхоналар 15-20 фоиз қувватда ишлашига тўғри келмоқда. Натижада уларнинг молиявий ҳолати ёмонлашиб, ўз харажатларини қоплай олмаслик ва тижорат банкларидан олинган кредит маблағларини белгиланган муддатларда қайтаришда муаммолар вужудга келмоқда".
Юзага келган вазиятни ўзгартиришга республика ҳукумати, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари аралашгач, аҳвол яхши томонга силжиди. Жумладан, Самарқанд вилоят ҳокимининг 2018 йил 14 ноябрдаги қарорига асосан замонавий кушхоналар ишга туширилган ҳудудларда гўштни сотувга чиқаришга рухсат беришда унинг ушбу кушхоналарда сўйилганлигини эътиборга олиш тизимини йўлга қўйиш қатъий талаб қилинди. Натижада август ойига келиб, кушхонада 1263 бош қорамол ва 84 бош қўй сўйилган бўлса, декабрь ойида бу кўрсаткич мос равишда 1480 ва 180 бошни ташкил этди. Айни пайтда ҳар куни ўртача 54 бош чорва моли сўйилмоқда. Бошқача қилиб айтганда, корхона атиги 12 фоиз қувват билан ишламоқда. Унда 48 нафар ишчи-ходим меҳнат қиляпти.
Аҳволнинг ўзгармаётганлигига сабаб нима? Ёки янги кушхонда нархлар баландми? Бу саволга Ш.Тошпўлатов шундай жавоб қайтарди:
"Хизмат ҳақини юқори деб ўйламайман. Бир бош қорамолни сўйиб беришга 80 минг сўм, бир бош қўйга 30 минг сўм оламиз. Молнинг эгаси ҳеч нарсага қўл урмайди. Фақат молини келтириб беради ва тайёр гўштни олиб кетади".
Аммо кўп йиллар давомидаги эътиборсизлик оқибатида масъулият тушунчасидан узоқлашган айрим қассоб ва гўшт дўконлари эгалари эскича ишлашга ёпишиб олганга ўхшайди. Айни пайтда гўшти аҳолига сотилаётган чорва молларнинг қушхонада сўйилиши тегишли ташкилотлар томонидан назорат қилиб борилмоқда.
Вилоят бозорлар ва савдо комплекслари уюшмаси раиси ва айни пайтда "Сиёб деҳқон бозори" раҳбари вазифасини бажараётган Тоҳир Мамадалиев билан вилоятдаги энг катта бозорнинг гўшт растасини айланиб чиқдик. Растанинг ўзида 10 нафар ва бозор ҳудудидан ташқарида яна 4 нафар гўшт сотиш нуқталари бор экан. Биз борган 9 январда гўшт растасида 4 нафар сотувчи ишлаётган эди. Уларда молнинг "Самарқанд сифат гўшт савдо" МЧЖда сўйганлигини тасдиқловчи ҳужжати бор ҳамда мол танасининг сон қисмида тегишли муҳр босилган.
– Фақат бозорларимизда сотилаётган гўштни назорат қилиш билан кўп нарсага эриша олмаймиз. Чунки вилоят ҳудудида камида 800 та нуқтада гўшт сотилади. Бозорлар орқали уларнинг 7 фоизигина аҳолига етказилади, холос, – дейди Т.Мамадалиев.
Демак, аҳолига сотилаётган, овқатланиш шохобчаларига етказиб берилаётган гўшт ва гўшт маҳсулотлари турли хил касалликлар келтириб чиқармаслигига эришиш учун ветеринария-санитария талабларига риоя этилиши доимий назоратда бўлмоғи лозим. Аммо бу борада ҳар биримиз масъулиятни сезган ҳолда иш тутишимиз ҳар қандай назоратдан устун десак, хато бўлмайди. Чунки қассобда тегишли далолатнома бўлмай, сотаётган гўштида муҳр босилмаган тақдирда унинг маҳсулотини харид қилмасак, энг тўғри ва самарали йўл тутган бўламиз.
Тошпўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ.