Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бир пайтлар зардўзлик устахоналари фақатгина подшо саройларидагина бўлган

XV асрда Самарқанд нафақат илм-фан маркази сифатида, балки маданий-маърифий соҳада ҳам дунёда машҳур эди. Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида бу ерга олимлар қатори ўз даврининг машҳур уста-ҳунармандлари ҳам жам бўлди.

Улуғбек бобоси Амир Темур каби шаҳарда кўплаб жамоатчилик иншоотларини қурдирди. Бу ҳақда Мирзо Бобур «Бобурнома» асарида: “Темурбекнинг ва Улуғбек Мирзонинг иморати ва боғоти Самарқанд маҳаллотида кўптур…”, дейди.

Бу даврда ҳунармандчиликнинг кўплаб соҳалари, жумладан, қуроқчилик, каштачилик, зардўзлик, дўппидўзлик, гиламчилик ривожланган. Алишер Навоийнинг «Насойим ул-муҳаббат», Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Рисолаи Ҳотамия» асарларида авлиё ва дарвешлар «мураққа» тўн (қуроқ чопон)да тасвирланган. Бундан кўриниб турибдики, ўрта асрларда ҳам мураққа, яъни қуроқ техникасида тикилган кийимлар кенг истеъмолда бўлган. Кишилар қуроқ тикиш билан ижодкорликка, янгилик ва гўзаллик яратишга, ўз ижодий қобилиятларини ёрқин тарзда ифодалашга интилган.

XIV-XV асрларга мансуб миниатюралар орқали каштачиликнинг ҳам бу даврларда юксак даражада ривожланганини кўриш мумкин. Испан элчиси Гонсалес де Клавихо ўз кундалигида Амир Темур саройида миллий кашта безакларини кўрганини ёзади. Камолиддин Беҳзод «Зафарнома»га ишлаган «Темур тахтда» миниатюрасида чодирга ишланган каштани акс эттирган.

Темурийлар даврида Самарқанд ва Ҳиротда зардўзлик маҳсулотларига талаб анча юқори бўлган. Сарой аҳли ҳамда бадавлат кишилар зарбоф кийимлардан ўз бойлиги, куч-қудрати ҳамда шон-шуҳратини намойиш этиш, оддий халқдан ўзларини устун қўйиш мақсадида фойдаланишган. Шунинг учун бу даврда зардўзлик устахоналари фақатгина подшо саройларида жойлашган. Устахоналарда подшоликнинг энг сара зардўзлари фаолият юритган. Улар подшо ва унинг яқинлари томонидан берилган буюртмаларга асосан камзул, чакмон, пойабзал, белбоғ, салла, кулоҳ ва жул тикишган. Ҳеч ким, ҳатто энг катта амалдорлар ҳам зардўзи кийим-кечаклардан бирортасини ўзи буюртиришга ҳаққи йўқ эди, уларни подшо совға қилгандагина кийишлари мумкин бўлган.

Дўппини эслатувчи бош кийимларнинг қадим ўтмишда ҳам мавжуд бўлганлигини тасдиқловчи далилларни археологик ёдгорликлар, деворий ёзувлар, терракота ҳайкалчалар, ХV-ХVI асрларга оид шарқ миниатюраларида кўришимиз мумкин. Панжикент тасвирий санъатида ҳам бир нечта бош кийим тасвирлари сақланиб қолган. Мовароуннаҳрда ХV-ХVII асрларда, Самарқандда XVI асрнинг биринчи ярми миниатюраларида аёлларнинг турли-туман бош кийимлари учрайди.

Темурийлар даврида эроний ва туркий анъанага уйғунлаштирилган гиламдўзлик ҳамда ХVI асрдан бошлаб Мовароуннаҳрда дашти қипчоқ ўзбек қабилаларининг гиламдўзлик буюмлари кенг тарқалган. Ушбу туркий халқлар гиламдўзлик анъаналарининг тарихий мутаносиблиги Ўзбекистон миллий гиламдўзлигининг этномаданияти асосларини ташкил этади.

Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида Самарқандда илм-фан билан бир қаторда шаҳардаги маданий-маърифий ҳаёт ҳам юксак чўққига кўтарилган эди. Кўплаб ҳунармандчилик устахоналари ташкил этилган, бозорлардаги ҳунармандчилик расталари қўли гул ҳунармандларнинг маҳсулоти билан тўла бўлган. Бу манзарани ҳозирги замон тасвирида Мирзо Улуғбек мадрасаси (ва бошқа тарихий жойлар) ҳудудида жойлашган ҳунармандчилик маҳсулотлари дўконларида ҳам яққол кўриш мумкин. Бу эса ўрта асрлар ҳунармандчилик анъаналарининг бугунги кунгача давом этаётгани, қадрланаётгани ва юксалаётганидан далолатдир.

Туркистон ўлкаси босиб олингач, бу ерни Россиядан келтирилаётган тайёр маҳсулотлар бозорига айлантириш ва шу йўл билан бу ерда шаклланган савдо, ҳунармандчилик ривожига зарба бериш ва ўлкани Россия саноати учун хомашё базасига айлантириш бўлган. Мустамлака даврида ўлкада саноат ишлаб чиқариши асосан аҳолининг маиший эҳтиёжларига хизмат кўрсатувчи майда ҳунармандчиликдан иборат бўлиб қолди.

Мустақилликдан кейин ўзбек миллий ҳунармандчилигининг деярли барча турлари яна аввалгидек қадрланмоқда, юксалмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, биз юқорида санаб ўтган ҳунармандчилик турлари ўрта асрларда қандай технологияда тайёрланган бўлса, ҳозир ҳам бу анъаналар давом этмоқда, унутилганлари эса қайта тикланяпти. Бундай хайрли ишларга университетнинг умумтехника фанлари ва технологиялар кафедраси ҳам “Халқ  ҳунармандчилиги” фанини ўқитиш ва “Самарқанд-Бухоро ипак гиламлари” корхонасида ташкил этилган талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиёти мисолида ҳисса қўшмоқда.

Шоҳиста Мамасолиева,

СамДУ катта ўқитувчиси.