Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дородан Қутайбагача, Чингиздан Абрамовга қадар қанча фотиҳлар Самарқандни яксон этмоқ қасдида бўлди. Аммо бу латиф шаҳар ҳануз барҳаёт

Азалдан инсоният тамаддуни, жамият тараққиётида шаҳарлар ҳамиша алоҳида ўрин тутгани яхши маълум. Шу пайтга қадар ер юзида қанчадан-қанча шаҳарлар вужудга келгани, уларнинг қанчаси тарихнинг суронли воқеалари, турли табиий офатлар натижасида йўқ бўлиб кетгани ҳам аён ҳақиқат.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда сайёрамизда 50 мингдан ортиқ шаҳар мавжуд. Бироқ улар орасида 2 минг йилдан зиёд тарихга эга бўлганлари бармоқ билан санарли. Шу боис ҳам она диёримизда тарихи минг йиллар билан бўйлашадиган шаҳарларнинг кўплиги барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Мустақиллик йилларида тарихий қадриятларимизни қайта тиклаш, улуғ аждодларимиз яратиб қолдирган бой маънавий меросни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Бухоро, Хива, Термиз, Шаҳрисабз, Қарши шаҳарларининг юбилейлари халқаро миқёсда, 2008 йилда Самарқанднинг ҳам 2750 йиллиги кенг миқёсда нишонланди.

Қадим Шарқда машҳур бўлган “Самарқанд сайқали рўйи замин аст” мисраси ўтган асрларда қанчалик буюк ва ҳаққоний мазмун касб этган бўлса, бу ҳақиқат, бугун ҳам, эртага ҳам ўз моҳиятини йўқотмаслиги муқаррар.

Буюк мутафаккир шоир, Назм мулкининг султони Алишер Навоийдек буюк зотларнинг камол топишида Самарқанд беқиёс ўрин тутган эди. Шу боис ул зот “Садди Искандарий” достонида Самарқанди “фирдавсмонанд”, дея таърифлаган, “Мажолисун-нафоис” тазкирасида ўнлаб самарқандлик шоирлар ижодига муносиб баҳо берилган. Мирзо Бобур “Бобурнома”да унга “Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳар камракдур”, дея баҳо берган.  Улуғ аждодларимизнинг бундай эътирофлари бежиз эмас, албатта. Ишончли тарихий манбалар, узоқ йиллардан бери олиб борилаётган тадқиқотлар, илмий изланишлар, асрлар бўйи тилдан-тилга ўтиб келаётган ривоятлар ҳам Самарқанднинг нақадар қадимий, узоқ ўтмишга эга эканини исботлайди.

Тарихчи олимларнинг шаҳодат беришича, Самарқанд ҳақидаги дастлабки маълумотлар Марказий Осиё халқларининг муштарак ёдгорлиги - “Авесто”да учрайди. Унда Зарафшон воҳаси “Суғуд” ва “Суғуда Гава” номлари билан тилга олинади. Мутахассисларнинг фикрича, “Суғуда Гава” тушунчаси воҳанинг аҳоли деҳқончилик билан шуғулланадиган қисмига, “Суғуд” атамаси унинг пойтахтига нисбатан ишлатилган.

Бу шаҳар илк бор юнон тарихчиси Арриан солномаларида “Мараканда” номи билан аталган. Милодий 340-345 йилларда битилган “Искандар сафарномаси” китобида шаҳар Суғдиёнанинг пойтахти Маракунда тарзида зикр этилган.

Самарқанд номи кўпгина тарихий манбаларда “Семизкент” шаклида ҳам учрайди. Буюк алломаларимиз Абу Райҳон Беруний ва Маҳмуд Кошғарий асарларида ёзилишича, бу сўз қадимги туркий тилда бой, ҳосилдор, серунум  шаҳар маъносини англатади. Бу фикр бир қатор хитой, арман тарихчиларининг асарларида, Амир Темур даврида Самарқандга ташриф буюрган испан сайёҳи Дон Рюи Гонзалес де Клавихо кундаликларида, шунингдек, "Бобурнома"да ҳам ифода этилган.

Самарқанд ўз тарихи давомида не-не ҳукмдорларни, хон ва амирларни кўрмади. Эрон шоҳи Дородан то Араб саркардаси Қутайбага қадар, Қонхўр Чингиздан то генерал Абрамовгача бўлган қанчадан-қанча фотиҳ ва саркардалар бу азим шаҳарни ер билан яксон этмоқ қасдида сурон солиб келган эди. Тарихнинг донишмандлигини кўрингки, уларнинг ўзи аллақачонлар тупроққа қорилди. Самарқанд эса ҳануз барҳаёт, ҳамон навқирон. Шаҳарни маҳв этишга чоғланган каслардан нишона қолмади. Аммо Самарқанд асрлар, минг йиллар оша яшаб келаётир.

Мўғул истилосидан сўнг Самарқанднинг қайтадан қад ростлашига, том маънода Шарқнинг энг беназир кентига айланишида бобокалонимиз Амир Темурнинг буюк ҳиссасини эътироф этмоқ жоиз. Зеро, Самарқанд ва Амир Темур номлари ҳамиша халқимизнинг ифтихори, чексиз фахру ғурур тимсоли бўла олади.

Соҳибқирон Амир Темур даврида бу шаҳарда кенг миқёсда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Самарқанд нафақат буюк салтанатнинг пойтахти, балки чин маънода ер юзининг сайқалига, илм-фан, санъат ва маданият марказига айланди, ривожланди. Темур ва Темурийлар ҳукмронлиги пайтида бу ерда Шоҳи Зинда мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Бибихоним масжиди ва бошқа ўнлаб бебаҳо тарихий ёдгорликлар, мадраса ва карвонсаройлар, ҳаммом ва кўприклар қад ростлади. Гўзал боғ-роғлар яратилди.

Кейинги йилларда  шаҳар янада кўркам, гўзал ва бетакрор қиёфа касб этиб бормоқда. Ҳар йили кўплаб замонавий иншоотлар барпо этилмоқда. Аждодларимиз яратиб қолдирган бебаҳо обидалар қайта таъмирланмоқда.

Жорий йилда Самарқанддаги энг гўзал обидалардан бири Мирзо Улуғбек мадрасаси ташкил этилганига 600 йил тўлади. Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, 1420 йил 20 сентябрда Мовароуннаҳр ҳукмдори, шоҳ ва аллома Мирзо Улуғбек ташаббуси билан қурилган мадрасаи олияда илк бор талабаларга сабоқ берила бошланган.

Таъкидлаш жоизки, Самақандда олий таълим тизими ундан анча аввалроқ, милодий Х асрлардаёқ бошланган. Бироқ темурийлар даврида, хусусан, Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги остида бу тизим янада такомиллашди. Самарқанддан ташқари, Бухоро ва Ғиждувон шаҳарларида ҳам мадрасалар бунёд этилди. 1436 йилда Кўҳак тепалиги яқинида расадхона бунёд этилди. Бу илмий маскан ўз давридаги энг йирик обсерваториялардан бири ҳисобланган:

Мир Алишер Навоий «Фарҳод ва Ширин» достонида бу тарихий обида ҳақида шундай ёзади:

Расадким, боғламиш зеби жаҳондур,

Жаҳон ичра яна бир осмондур…

Мирзо Улуғбек асос солган мадрасалар ва илмий масканлар узоқ йиллар давомида Шарқнинг энг мўътабар даргоҳлари қаторидан жой олиб келди.

Баъзилар юртимиздаги олий таълим тизимини бевосита собиқ совет ҳукумати сиёсати билан боғлашади. Самарқандда замонавий кўринишдаги таълим маскани – Самарқанд давлат университетининг тамал тоши 1927 йилнинг 3 январида қўйилган, деган фикр ҳукмронлик қилиб келди.

Аслида бу шаҳарда олий таълим тизими асрлар давомида мавжуд бўлиб. Тобора сайқал топиб келган. Бу ҳақда тарихий манбалардан истаганча мисол келтириш мумкин.

Европанинг бир қатор олий ўқув юртлари ўзининг тарихий асоси билан фахрланиб келади. Жумладан, Париж (Сорбонна), Прага, Сарагоса, Рим, Оксфорд университетилари ҳам дастлаб диний таълим беришга йўналтирилган кичик таълим масканлари ҳисобланган ва йиллар давомида такомиллашиб борган.

Шарқда, хусусан, Самарқанд мадрасаларида ўрта асрлардан бошлаб дин ва дунёвий фанлар тенг ўргатиб борилган.

Айни пайтда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 2020 йил 26 июндаги қарорига мувофиқ, Самарқанд давлат университетининг Мирзо Улуғбек мадрасаси вориси сифатида 600 йиллигини нишонлашга тайёргарлик ишлари жадал олиб борилмоқда. Мазкур юбилей доирасида халқаро илмий анжуман, қатор фестиваллар, маънавий-маърифий тадбирлар ўрин олган.

Ўйлаймизки, ушбу кенг кўламли тадбир юртимиздаги энг нуфузли таълим муассасаларидан бири – Самарқанд давлат университетининг тарихий мақомини тиклашда муҳим қадам бўлади.

Афтондил ЭРКИНОВ,
филология фанлари доктори.
Рустам ЖАББОРОВ,
СамДУ тадқиқотчиси.