Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

19 январь – Буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ таваллуд топган кун

Беҳбудий ва Қодирий ёхуд мен Раънони нега севаман?

(Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, адабиётшунос олим Иброҳим Ғофуровга мактуб)

Ассалому алайкум, Иброҳим ака!

“Олтин қозиқ” деб номланган китобингизда “Қодирий. Сиймо”(эссе)ни ўқиб миямдаги тугунлар ечилгандек бўлди. Абдулла Қодирий ҳаётини, унинг асарларини ҳар ким ҳар хил англайди, ўқийди, ўзича кашф этади. Камина ҳам улар қаторида. Аммо эссе мутолаасидан кейин, Қодирийни Иброҳим Ғофуров бўлиб ўқигим келди. Айтганингиздек, “Қодирий ижоди ҳақида Умарали Норматов, Собир Мирвалиев, Наим Каримов, Бегали Қосимов сингари олимлар тадқиқотлари, Ўткир Ҳошимов, Хайриддин Султон каби адибларнинг адибона таҳлил ва талқинларини ўқиганда улуғ ёзувчи маҳоратининг такрорланмас қирралари ҳақида кутилмаган тасаввурлар ҳосил қиламиз, инсоний хусусиятларининг чўнг қатламларига  янада чуқурроқ кириб боргандай бўламиз”.

Шундай бўлса-да, кўнгилтўлмаслик аломати бўлмиш “аммо”ни ишга солиб, дилингиздагини тўкиб солишингиз, жумладан, “Биз янги замонларнинг кишилари учун Абдулла Қодирий таржимаи ҳолининг жуда кўп томонлари, саҳифалари номаълум”лигидан озор чекишингиз китобхонга, хоссатан, каминага-да, юқди. Айниқса, Қодирийнинг отаси, бобоси, унинг китобга, адабиётга меҳрини, Туркистон тарихига қизиқишини тарбиялаган инсонларни бизга таништиришингиз, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори ҳазратларининг ва бошқа маърифатпарварларнинг унга таъсирини, уларнинг Қодирийга нақадар меҳр кўрсатишганини, матбуотдаги фаолиятини,  адабиёт оламига кириб келиши, ёзган асарлари ҳақида ўша даврга саёҳат қилиб, чиндан яшаб, улар даврасида кўрганларингизни тасвирлаб беришингиз бизга-да, кўприк вазифасини ўтади.

Жадид боболар, айниқса, бетакрор сиймо Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва фаолиятидан бироз таниш мухлис сифатида Сизнинг тасвирларингизга, таҳлилларингизга, ҳуррият, миллат равнақи йўлида қайғурган зиёлиларни ўзаро меҳрли боғлашларингизга ҳавас қилдим.

Ёзганларингизни ўқиб, Қодирий асарлари, алалхусус, икки улуғ – “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романлари воқеалари марказида уйланиш тугуни ҳақидаги таҳлилингиздан мутаассир бўлиб, ўзимча кашф этганим – адиб армони ҳақидаги ўйимни айтгим келди.

Беҳбудийнинг 1919 йилда шаҳид бўлганлиги маълум бўлгач Туркистоннинг фаол зиёли ёшлари у ҳақида оташин хотиралар, ашъорлар битиб нолалар чекишган. Бир қайғули марсияларки, давр матбуоти қатларида мангуга муҳрланган.

Бу кун дунёда бир маҳшар қўпубди,

Бу ер юзини титратма тутубди.

Кўк бўлса, қоп-қоронғу чодини

Бошига ўраган, йиғлаб ётибдир... (Вадуд Маҳмуд)

***

Амалимнинг юлдузиким, кўз тикди

Қора, жирканч ўлим кони ерларга.

Савол бердим: “Йўқотганим қайда?” деб,

Ўзимни ҳам ютмоқ бўлган эрларга... (Чўлпон)

***

Сани мундин буён Турон кўролурму, кўролмасму?!

Санинг мислингни Туркистон тополурму, тополмасму?

...Ватан авлоди ёд этди, сани ҳурмат-ла шод этди,

Ва лекин интиқомингни ололурму, ололмасму? (Садриддин Айний)

Фитрат эса “Беҳбудий сағанасини изладим”, дея фарёд чекди. Бундайин мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Лекин Фитрату Чўлпон, Ҳожи Муину Айнийлар орасидан Абдулла Қодирий битган бир парча бўлса-да, фиқрани матбуот саҳифаларидан қидириб, тополмаганим рост... Ахир Беҳбудий ёш адибларга йўналиш бўлсин дея “Оқ елпоғичли чинли хотун” ҳикоясини ёзгани, “Мушмирзо” образини (“Самарқанд” газетасида) яратиб ҳажвчиларга ибрат, “Муштум” журнали номланишига “туртки” бергани чинку, “Падаркуш” “таъсирида “Бахтсиз куёв” деган театр китобини ёзиб юборғонимни ўзим ҳам пайқамай қолдим” – Қодирийнинг сўзларику... Шундай экан унинг Беҳбудийни ёд этмаганидан бироз оғринганим ҳам ҳақиқатим эди...

Иброҳим ака! Ёзганларингиздан кейин Кумушнинг ўлимини йиғлаб-йиғлаб ўқиганларим, тўлғониб-тўлғониб ухлолмаганларим, бошқа ёш юраклар каби “ёзувчи нега уни ўлдиради” саволи исканжасида чеккан изтиробларим... Сўнг Анвар мирзони (“Меҳробдан чаён”) таниб, Раънони ундан пинҳона рашк қилиб, севишганлар тақдиридан мамнун бўлиб (майлига юртдан қочиб кетса ҳам), “ёзувчи Кумушни ҳам ўлдирмаса бўлардику” дея гўдакларча ўйлаганларим... ҳамма-ҳаммаси чекинди. Сиз каби камина ҳам кутилмаганда жадид боболарнинг орасига тушиб қолди. Воқеаларни кетма-кет жойлаб улар билан ҳамнафас яшаб кўрдим, фикрларим улғайгандек, кўзларим чарақлаб очилгандек бўлди!.. Романдаги рамзлар, тимсоллар намоён бўла бошлади...

Устоз!  Қодирийнинг Беҳбудийдан олган пайровлари ҳақида ёзасиз. Унга эргашган жиҳатларини кўрсатасиз. Демак, Қодирий Чўлпону Фитрат каби Беҳбудийга бағишлаб марсия битмаган эса-да, “Меҳробдан чаён”даги Анвар образида уни тасвирлаган, назаримда. Бошқача айтганда, ёзувчи роман қаҳрамонини буюк Беҳбудийнинг протатипи асосида яратади. Асарнинг бош ғояси эса озодлик бўлиб қолаверади.

Рамзлар... Роман сўнгида Анвар Раънони олиб юртдан хуфя чиқиб кетиши – Беҳбудийнинг озодликни авайлаб бағрига босиб, ташқи дунёдан паноҳ сўраши эди. Негаки, Қодирий Анвар – Беҳбудийни яхши биларди, тушунарди. Беҳбудий ҳам Анвар каби ёшлигида мирзолик қилгани тасодиф эмасдир? Беҳбудий умрининг якуни номаълумлигини Қодирий Самарқандга бориб аниқлашга ҳаракат қилган. Романда ҳам ёзувчи ўзи бориб Анвар тақдирини суриштирган ва қаҳрамон ҳаётининг якунини ноаниқ қолдирган. Раъно – ҳурриятнинг тақдири ҳақида эса ҳеч гап йўқ. Негаки, роман ёзиб тугатилган давр (1928 йил)да ҳали Мунаввар қори ва унинг сафдошлари қатағонга учрамаган, Туркистонда большевиклар “босмачилик” деб ном қўйган, аслида эса миллий озодлик ҳаракати давом этаётган, бошқача айтганда ҳуррият тақдири номаълум фурсат эди. Беҳбудийнинг миллат орзусини топтаган большевикларга қаршилиги – Анварнинг ҳукмдор адолатсизликларига норозилиги, унинг Раъноси – озодлигига дахл қилиши...

Раъно – қатағон йилларию истиқлол даври адабиётшунослигида ҳам турли баҳсларга сабаб бўлаётган гўзал образдир. Шу ўринда университетдош дўстим, филология фанлари доктори Баҳодир Каримнинг “Абдулла Қодирий ва герменевтик тафаккур” дея номланган салмоқли тадқиқот китобида келтирилган Раъно образи борасидаги баҳсга қисқача тўхталсак. Муаллиф бошқа бир тадқиқотчи Х.Лутфиддинованинг китобидан “Раъно бир қараганда замин фарзандидек, укаларига қарайди, уй юмушларини бажаради, отинлик қилиб қизларга сабоқ беради. Гўё реал ҳаётга боғлангандек таассурот қолдиради. Аслида эса у ҳаётда эмас, ижодкор орзусида эди”, “Хонлик замонида Раъно типидаги қиз-жувонлар бормиди ёки йўқмиди?” каби кўплаб иқтибослар келтиради. Б.Каримов уларга жавоб тариқасида “Юқоридаги кўчирмаларнинг айримларига қўшилиш мумкин, аммо кўписида эътирозга сабаб бўладиган, фикрлашадиган ва баҳслашадиган жиҳатлар йўқ эмас. Баъзан рисола муаллифининг Раъно образини тасдиқлаётгани ҳам, рад қилаётгани ҳам, хайрихоҳ ёки холис муносабати ҳам, умуман, илмий мезон сезилмай қолади. Мужмал”, деган фикр айтади.

Нега бу каби баҳслар тугамаётганини энди тушунгандекман. Раъно ўз даври қизларига ўхшамаган, Қодирий ўйлаб топган бу эзгу образ – озодлик тимсолидир. Шу маънода атоқли олим ёзувчимиз Ойбекнинг фикрини ёдга олсак масала анча ойдинлашади:

“Абдулла Қодирий типик жадид эди... Асарларининг мавзулари, идеяларигина эмас, балки уларнинг формал тузилишлари, бадиий хусусиятлари, даражалари ҳам жадид адабиётининг типик намуналарини ташкил этади”.

Жадидлар ғояси нима эди? Минг маротаба айтилди, яна такрорлаймиз – ОЗОДЛИК эди!..

 Мен сени севаман, Раъно!!!

Иброҳим ака, бу фикрларинг баҳсталаб дейишингиз мумкин... Ҳолбуки, Сиз ёзган эссе ва академик олимимиз Наим Каримовнинг “Адиб абадияти” (“Ишонч” газетаси, 2019 йил 28 сентябрь)даги мақоласи хулосамга далда бўлди. Ундан иқтибос:

“Қодирий “Бахтсиз куёв” драмаси билан Беҳбудийнинг, шеърлари билан эса Фитрат, Чўлпон ва Таваллолар сафига келиб қўшилгандек бўлди. Лекин шу даврда  рўй берган тарихий воқеалар – Чор Россияси зулмига қарши кўтарилган 1916 йил қўзғолони, 1917 йил Февраль инқилоби, Туркистон Мухторият ҳукуматининг барпо этилиши ва большевиклар томонидан тор-мор қилиниб, Қўқон шаҳрининг қонга ботирилиши, 1917 йилдан кейинги талотўплар уни ўзбек халқининг тарихий тақдири тўғрисида ўйлашга мажбур этди”.

Бу сўзлар изоҳга ҳожат сезмайди... Бироқ “Меҳробдан чаён”да кўринган рамзу тимсолларни “Ўтган кунлар”дан ҳам қидиргим келди ва ажаб манзарага дуч келгандек бўлдим. Беҳбудий ёзган “Падаркуш” асари ўқимаган боланинг отасини ўлдириши ҳақидагина эмас, балки мол-дунё, ҳокимият васвасасида қатл этилган Мирзо Улуғбек билан боғлиқ отакушлик фожиасидан бошланган Туркистон таназзули хусусидаги трагедия эканлигини Қодирий яхши биларди.

“Ўткан кунлар” ёзилган давр 1919-1920 йил дейилади манбаларда. Туркистон мухторияти 1918 йилда қонга ботирилганидан миллатнинг барча зиёлилари қатори Қодирий ҳам изтиробда қолади. Романда Кумушбибининг ўлими бу фақатгина муҳаббатнинг эмас, балки Қодирий кўз ўнгида содир бўлган Туркистон мухториятининг аянчли ҳалокати, телбага айланган Зайнабнинг аҳволи эса мустамлакада қолган авомнинг ҳоли эди. Шунинг учун асарни ўқиган зиёли, аввало, Кумушбиби ўлимидан қаттиқ қайғуга ботади. Ҳатто, адибнинг ўзи ҳам бу саҳнани йиғлаб-йиғлаб ёзганини яширмайди. Қаттол замонда яшаб, большевикларнинг асл мақсадини англаб етган Абдулла Қодирийдек буюк шахс ўзи яратган биргина образ тақдири учунгина йиғлашини... бошқача тушунишни истадим. Негаки, Кумуш ўлимга маҳкум эди – суюкли Туркистон мухторияти шаҳид бўлган эди... Қилмишини англолмай қабристонда тентираган телбанамо Зайнабга “баттар бўл”, дея унинг тақдирига бефарқ қаролмайсиз – залолатга ботган авом-да, ахир...

Бир пайтлар “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романлари фонида зерикиб ўқиганим – “Обид кетмон”ни шу кунларда қайтадан мутолаа қилишим шартлигини англаб турибман. Ҳойнаҳой, мухторият бостирилгач, большевиклар даврида бир мучал йили яшаб, маслагидан қайтмаган Мунавварқори Абдурашидхонов асосий қаҳрамон бўлиб чиқса ҳайратланмайман. Жадид боболар ҳаётини қадамба-қадам ўрганган яна бир жонкуяр устоз олим Сирожиддин Аҳмаднинг “Обид кетмон” асари хусусидаги янгича қарашлари акс этган “Мағлубиятга тенг ғалаба” (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2019 йил 27 декабрь) мақоласи бунга ишора бериб турибди...

Иброҳим ака, бугун Абдулла Қодирий сиймосига давлат ва унинг биринчи раҳбари даражасида берилаётган ҳақиқий баҳодан, боболарга муносиб эътибордан суюниб турибмиз.

Мактубдан мурод юқоридаги ўйларимни тасдиқлатиш эмас. Мақсад шуки, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхоновга Чор Россияси “Охранка”си томонидан босилган, шўро “НКВД”си ва унинг давомчиси (“КГБ”) қўллаган “панисломист”, “пантуркист”, “англизпараст” тамғалари шу кунларгача олиб ташланмаганини яна бир бор таъкидлашдир. Акс ҳолда истиқлол даврида Фитрату Чўлпонлардан аввал уларнинг устозлари – шахсий мол-мулкларини тикиб, мактаб қуриб, дарслик ёзиб, жадид адабиётини яратиб, газета-журнал чиқариб, озодлик учун курашадиган ёшларни, жумладан Қодирийларни тарбиялашда жонларини қурбон қилишдан ҳам чўчимаган Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунаввар қори Абдурашидхонов тақдирланган бўлмасмиди?..

Январь ойида Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 145 йиллиги... Дунёда Иккинчи жаҳон урушининг махфий архивлари давлат раҳбарлари томонидан очиқланаётган фурсатда бу икки бобомиз ва уларнинг сафдошлари ҳақидаги ўта махфий  маълумотлар очилиши, айтилиши ва муносиб баҳоланиши асл ҳақиқатга бўлган ҳурмат нишонаси бўларди...

Эҳтиром билан, талабангиз Ҳалим САЙИД.

 «Ishonch» газетасининг 2020 йил 4 январь (4) сонидан олинди.