Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Биз вафо топдик…

Бир гўзал боқди қиёлаб жилва-ноз, иффат ила,

Тенглашур сайёраларга ой юзи талъат ила.

 

Сайри боғ этса чаманда нозланиб ул сарвиноз,

Ҳуснини кўрганда ошиқ бўлди лол ҳайрат ила.

 

Хониши гулшан аро булбул навосин эслатур,

Шу сабаб халқига ёқди меҳнату санъат ила.

 

Икки шаҳло кўзларингга, ошиғинг бўлдим десам,

Ул гўзал дейди: «Аввал ўзни танит хизмат ила».

 

Биз вафо топдик, мусаффо меҳнату ишқинг билан,

Элга манзурли яшармиз иккимиз ибрат ила.

 

***

 

Бахтимиз топдик ватандан дилрабо ёрим билан,

Ерга бўлган бу муҳаббат қалб аро борим билан.

 

Аҳду паймон қилдигу ваъдага айлаб вафо,

Тотли ўтди бори умрим севгили ёрим билан.

 

Ошиқ учун ёр ила бўлмоқдин ўзга бахт йўқ,

Бир умрга бирга бўлгум чин вафодорим билан.

 

Истамам сайр айламоқни ўзга ёр остонасин,

Бахтиёрман мен ҳаётда ёрим-баҳорим билан.

 

Шодланиб шоир Иноят юртининг гулзорида,

Ёр васфин куйлагайман қўлдаги торим билан.

 

***

 

Гўзал хушбўй кўкатлардан мудом тоза ҳаво келгай,

Адирлардан нафас олсанг, эсиб хушбўй сабо келгай.

 

Эсиб хушбўй муаттар ҳид, шифо бўлгай кўнгилларга,

Ўшал хушбўй адирлардан кўнгилга хуш даво келгай.

 

Очиб кўксим ҳаволарга, табиатга қулоқ тутсам,

Ҳаво бирлан таним яйрар, ёқимли куй-наво келгай.

 

Бутун борлиқ гўё гулшан, адирларда ёниб лола,

Таним роҳат топиб иззат, гўзалликдан сафо келгай.

 

Умрлар ҳам келар бир бор, яша доим қувонч бирлан,

Ором олсин Иноятинг, малоҳатдан вафо келгай.

 

Тилаб олдим

 

Сени тилаб олдим гуллар қатидан,

Вафонинг сувига чайдириб олдим.

Азалсан, гўзалсан ғазал байтидай,

Ҳуснингга термулиб ҳайратда қолдим.

 

Кўнглингга не келса қиламан ҳозир,

Севгининг йўлида эмасман-ку ёш.

Қалбингда сақлама вафодорим сир,

Муҳаббат, соғинчга бераман бардош.

 

Ялинаман

Сенга ялинаман, совуқ қарама,

Кўнглимни эзмагин, бермагин азоб.

Нигоҳинг кўксимга санчилди, дема,

Юрагим қийналиб чекар изтироб.

 

Улуғвор ёшимга қўймагин талаб,

Бағримга олсам-у, қувончга тўлсам.

Сочларинг толасин бўйнимга боғлаб,

Саҳарда тўлғониб, ўлиб қутулсам…

Инатилло РУСТАМОВ,

Каттақўрғон тумани.