Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Булунғурдаги тўрт юздан зиёд аҳоли ариқдан сув ичади

  1. Сайлов округингизда 2020 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Улар ижросига киришилганми?

Президентимизнинг “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2020 йилда Булунғур туманида 36 та лойиҳа режалаштирилган. Ушбу лойиҳаларнинг бажарилиши халқ депутатлари Булунғур тумани Кенгашининг олтинчи сессиясида кўриб чиқилди.

Жумладан, 14-Мингчинор сайлов округидаги “Мингчинор” маҳалласи ҳудудида “Ғуломжон Газ Сервис” масъу­лияти чекланган жамияти ташаб­буси билан аҳолига суюлтирилган газ таъминоти бўйича 500 миллион сўмлик лойиҳа якунланиб, 4 киши иш билан таминланди.

Бундан ташқари, “Булунғур мева-сабзавот” масъулияти чекланган жамияти ташаббуси билан 1 миллиард сўмлик (шундан 515 миллион сўм кредит маблағлари) лойиҳа ҳам амалга оширилди. Бунда 50 гектар майдонда томчилатиб суғориш асосида узум етиштириш йўлга қўйилди.

  1. Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов округида маҳалла ёки меҳнат жамоасида қандай тадбир ўтказдингиз?

Иш режага мувофиқ жорий йилда сайлов округимда ўндан ортиқ турли тадбирлар ташкил этдим. Хусусан, пандемия давридаги қоидалар, «Саховат ва кўмак» хайрия ҳаракати мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбатлари, “Депутат ва ёшлар” учрашувлари шулар жумласидан.

Аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш мақсадида Мингчинор, Мўғол, Қирқшоди, Оломон, Эсон Турдиев, Оқтепа, Эсонтурди, Каттақиш­лоқ-1 маҳаллалари ва туман марказида учрашувлар ўтказдим.

Мулоқотлар чоғида 40 дан ортиқ муаммолар кўтарилди. Улардан 4 таси бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, 3 та масала жойида ҳал этилди. Шунингдек, 10 дан ортиқ муаммо юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови йўлладим.

  1. Сиз томонингиздан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмуни ва натижасини шарҳланг.

Сайловчилар Оломон қишлоғида 150 дан зиёд, Беш бола қишлоғида 100 дан кўпроқ, Урай қишлоғида 170 га яқин хонадон аҳолиси ариқдан сув ичишини билдирди. Бу масалада Сирли Оломон қишлоғидаги эски артезиан қудуғи ечим бўлиши мумкинлиги, бироқ у узоқ йиллардан буён ишламаётганлиги, агарда таъмирланса аҳоли ичимлик сув билан таъминланишини айтишди.

Масалани ҳар томонлама ўрганиш ва мутасадди ташкилот раҳбари сифатида мавжуд ҳолатни яхшилаш ва муаммони ҳал этилиши бўйича вилоят “Сувоқова” давлат унитар корхонаси директорига мурожаат қилдим. Берилган жавобга кўра, тайёрланган лойиҳа дастурга киритилган.

Бахтиёр Абдуллаев,

14-Мингчинор сайлов округидан сайланган вилоят Кенгаши депутати.