Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳрида 42 та фавворадан нечтаси ишлаяпти? Мусиқали фавворага нима бўлган?

Ушбу фаввораларга шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармасининг 63 нафар ишчи-ходимлари хизмат кўрсатади. Бироқ бугун мавжуд фаввораларнинг аксарияти яхши ишламаяпти.

Мисол учун, вилоят мусиқали драма театри биноси олдидаги 3 та кўнгилочар фаввораларга 1 та насос сув етказиб бермоқда. Ваҳоланки, бунинг учун 3 та насос ўрнатилган бўлиб, уларнинг 2 таси мутлақо ишламаяпти.

Бундан ташқари, ёритиш тизимлари ҳам тўлиқ талабга жавоб бермайди. 30 та ёритиш чироқлари ишдан чиққан ва сув пуркагич ускуналари яроқсиз аҳволга келиб қолган.

Кўксарой майдонида жойлашган 3 та фавворага эса 16 та насослар хизмат кўрсатиши белгиланган бўлса-да, ҳозирда 3 та сув насослари бу вазифани бажармоқда. Шунингдек, фаввора ёритиш тизимининг 70 фоизи ишлаяпти. Фавворанинг бошқарув шитлари ҳам таъмирталаб аҳволда.

Руҳобод майдонида жойлашган 5 та фавворага 4 та ўрнига 1 та насос хизмат кўрсатаётган бўлса, бу ерда ҳам бошқарув шитлари ҳамда ёритиш тизимлари таъмирлашга муҳтож.

Қурилган вақтлари кўпчиликнинг диққат-марказида бўлган Регистон кўчаси кесишмасидаги мусиқали фаввора бугун деярли барчанинг эътиборидан четда қолган. Оқибатда фавворанинг компьютер тизими, сув ости қувурлари ва ёритиш тизимлари яроқсиз бўлиб қолган.

Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда қайд этилишича, бундай муаммо ва камчиликларни шаҳардаги қолган фаввораларда ҳам учратиш мумкин.