Zarnews.uz’га мурожаат: Қорасувдаги фавворалар нега ишламаяпти?
Нафақат йилнинг, умуман, сўнгги ўн йилликнинг энг иссиқ шу кунларида Қорасув масканидаги фаввораларнинг ишламаслигига бир кулгинг келади, бир...
Назаримизда Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг Қорасувга эътибори пасайиб кетаётгандек. Бу маскандаги фавворалар ҳақида аввал ҳам ёзгандик, аммо ҳеч қандай муносабат олмадик.
Қорасув масканида атиги бир жойда иккита фаввора қурилган. Ўтган йили ҳам, ундан олдинги йил ҳам фавворалар ёзда ишлаб турганди. Бу йил ёзнинг жазирама иссиқ келиши ушбу маскандагиларга анча қийин бўлмоқда.
Фавворалар ёз бўйи ишлагани йўқ, сувсизликдан қуп-қуруқ бўлиб турибди. Ҳали Қорасувда дарахтлар жуда кичик, соя-салқин жойлар йўқ. Биргина ушбу фонтанлар атрофига кечки пайт одамлар келиб дам оларди. Бу йил дам оладиган жойнинг ўзи йўқ. Хўш, нима учун?
Шундай катта масканда иккита кичик фавворани ишлатиш шунча қийинми? Фавворалар атрофига гул ва дарахтлар экилиб, аҳоли дам оладиган маскан сифатида қурилмаганмиди? Нега энди эгасиз жойдек қаровсиз, эътиборсиз турибди?
Шунингдек, маскандаги 101- ва 102-кўп қаватли уйлар олдида қурилиши керак бўлган фаввора ўрнига майса экиб қўйилганини ҳам айтгандик. Бу ҳақда ҳам ҳеч бир тегишли ташкилот муносабат билдирмади. Бундан нимани тушуниш мумкин? Муносабат билдирилмади дегани, аҳоли талабини эшитмаймиз ҳам, бажармаймиз ҳам деганими?