Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Лимон дарахти бит ва каналардан қандай ҳимоя қилинади?

Цитрус ўсимликлари кўпинча сохта қалқондор, ўсимлик битлари, каналар билан зарарланади. Қалқондорларга қарши 0,3 фоизли фазолон эритмаси 5-6 кун оралатиб 2 марта пуркалади. Каратэ препаратини 0,3 фоизли қилиб сепса ҳам бўлади. Бунда ўсимликнинг ҳамма қисмини, айниқса, баргларини пастки тарафидан ҳўллаш зарур. Ўсимлик ғунчалаган ва гуллаган даврида пуркаш мумкин эмас. Ишлов эрталаб ва кечқурун ёки булутли кунларда ўтказилади.

Қора куясимон замбуруғлар барглар ювилганда кетмайди. Барглар 1 фоизли бордо суюқлиги эритмаси ёки 0,5 фоизли мис, хлор оксиди эритмаси билан қўшимча пуркалгандагина холос этади.

Ўргимчакканага қарши 0,2 фоизли Кельтан ёки 1 фоизли Данитол эритмасини пуркаш яхши самара беради. Вақти-вақти билан ювиб туриш ҳам фойдали. Ўсимлик танаси гоммоз елим оқиш билан касалланганда, касалликнинг илк босқичида шикастланган пўстлоқ қисми ва ёғочи соғлом қатламгача кесиб ташланади. Бундан сўнг тозаланган жой 3 фоизли мис купороси билан дизенфекция қилинади ва боғ қатрони билан шувалади. Қатрон тайёрлаш учун канифоль ва асалари мумига оз миқдорда мол ёғи қўшиб эритилади. Гоммоз билан зарарланган ва қуриган дарахт танаси атрофи илдизи билан қазиб олиниб ёндирилади. Тупроғи эса 1 фоизли формалин эритмаси билан дезинфекция қилинади.

Акрам ФОЗИЛОВ,

Самарқанд вилояти ўсимликлар карантини давлат инспекцияси матбуот котиби.