Оддий лимонли сув ва унинг мўъжизавий хусусиятлари
Баъзи одамлар уни шунчаки мазасини ёқтиргани учун ичишса, бошқалар эса уни саломатлик учун афзал билишади. Лимонли сувнинг иккита таркибий қисми - сув ва лимондан иборат. Бу ичимликни севиб ичувчилар унинг фойдали эканлигини таъкидлайдилар. Келинг, ҳар куни лимонли сув ичиш саломатлигимизга қандай фойда бериши билан танишамиз.
Лимонли сувни мунтазам истеъмол қилувчи одамлар вазн йўқотишда қийинчиликка дуч келишмас экан. Чунки кўп сув тўқлик ҳиссини беради ва ортиқча овқатланишдан сақлайди.
Соғлом турмуш тарзи юритишда кўп миқдорда сув ичиш муҳим саналади. Бунинг ёрдамида тана ички муҳити барқарорлиги, терморегуляция таъминланиб, токсинлар тозаланади. Катта ёшлилар кунига ўртача 2,7 дан 3,7 литргача сув ичишлари керак. Сувга лимон қўшиш унинг мазасини оширади ва кўпроқ ичишга ундайди.
Витамин C саломатлик учун жуда муҳим. Уни фақат озиқ-овқатдан олишимиз мумкин, чунки танамиз уни мустақил равишда ишлаб чиқара олмайди. Етарлича С витамини юрак хасталиги, инсульт ва гипертония хавфини камайтиради.
Лимон эса С витаминининг ажойиб манбаи, чунки бир дона лимонда бир кунлик С витаминининг 90 фоизи мавжуд.
Ҳеч кимга сир эмаски, ташқи кўринишимиз тери намлигига боғлиқ. Тери гўзаллигига эришиш учун кўп миқдорда сув ичиш зарур. Лимонли сув таркибидаги С витамини ажинларни камайтириб, коллаген ва эластин ишлаб чиқаришни рағбатлантиради. Шундай қилиб, лимонли сув ёшлик гўзаллигини сақлаб қолишнинг энг самарали воситаларидан биридир.
Лимонли сувни севиб истеъмол қилувчилар уни эрталаб оч қоринга ичишни афзал кўришади, чунки бу кун аввалида ҳазм қилиш тизими ишини бошлашга ёрдам беради, деб ҳисоблашади. Уйғонганда, оч қоринга ичилган бир стакан илиқ лимонли сув метаболизмни тезлаштиради.
Лимон ёқимсиз ҳидларни жуда самарали йўқотади. Шунинг учун, агар тезликда оғзингиздаги нохуш ҳиддан халос бўлишни истасангиз (масалан, пиёз, саримсоқ ёки дудланган балиқ каби маҳсулотлардан кейин), лимонли сув ичинг.
Лимонли сув ҳомиладор она ва ҳомила учун ҳам фойдали. Агар аёл ҳомиладорликнинг аввалиданоқ лимонли сув ичса, чақалоқнинг келгусида ҳар қандай аллергияга дучор бўлиш хавфи сезиларли камаяр экан.
Буйрак тошлари асосан калций конлари бўлиб, бу хавфни камайтириш учун мутахассислар кўпроқ лимон кислотасини тавсия этишади. Шундай қилиб, лимон ва оддий сувнинг комбинацияси ушбу касалликка мойил бўлган одамлар учун икки баравар фойдалидир. Ярим стакан лимон шарбати ичиш (ихтиёрий нисбатда сув билан суюлтирилади) буйрак тошлари бўлган одамлар учун рецепт бўйича дори-дармонлардан қабул қилинадиган лимон кислотасини беради.
Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, лимон ҳиди стресс гормонлари миқдорини камайтиради. Шу сабабли, лимон ёғи одатда ароматерапия маҳсулотларида қўлланилади. Лимонда мавжуд жисмоний саломатлик учун фойдали витаминлардан ташқари бу цитрус меваси бизнинг руҳий ҳолатимизни ҳам яхшилар экан. Тушкунликни лимонли сув билан қарши олинг.
Лимонли сув тайёрлаш
Биринчи усул: уч тилим лимонни бир стакан қайноқ сувга (200 мл.) солиб аралаштиринг ва оч қоринга аста-секин ичинг. Бу овқат ҳазм қилиш тизимини яхшилайди ва вазнни йўқотади.
Иккинчи усул: 100 мл. лимон шарбатини 1:1 нисбатда тоза ичимлик суви билан аралаштиринг. Уни овқатдан 30 дақиқа аввал ичинг.
Таъсири: ошқозон фаол шарбат ишлаб чиқаришни бошлайди, ичаклар ҳаракати яхшиланади.
Д.Холиқова тайёрлади.